
Ҳа-а. Мийм.

қ-ойдин китоб ила қасам.

Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки ақл юритсангиз.

Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир. (Уламоларимиз, «она китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуз, деганлар. Демак, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда сақланган. Бу эса, уни Аллоҳ таоло нақадар зўр қадрлаганини кўрсатади.)

Наҳотки сиз исрофчи қавм бўлганингиз учун сиздан юз ўгириб, зикр-эслатмани буриб юборсак?! (Яъни, Қуръонни булар қабул қилмас экан, майли, юраверсинлар, деб уни бошқаларга томон буриб юборсак бўладими?! Йўқ, Бизнинг одатимиз бундай эмас. Асл одатимизни билиш учун ўтган Пайғамбар ва умматларнинг ҳолига бир назар солинг!)

Аввалгиларга қанчадан-қанча Пайғамбарлар юбордик.

Улар ўзларига келган ҳар бир Пайғамбарни, албатта, истеҳзо қилганлар.

Бас, Биз улардан кўра кучлироқларни ҳалок қилганмиз. Аввалгиларнинг мисоли (зикр бўлиб) ўтди.

Улардан: «Осмонлару ерни ким яратган!» деб сўрасанг, албатта: «Уларни азиз ва ўта илмли зот яратган», дерлар.

У зот сизга ерни бешик қилиб берди ва сизга унда йўллар қилиб қўйди. Шоядки, ҳидоят топсангиз. (Аллоҳ сизга ерни чақалоқнинг бешигидек қулай қилиб, ер юзида йўллар ҳам яратиб қўйди. Шоядки бу ҳақиқатларни тушуниб, инсофга келиб ҳидоят йўлига юрсангиз.)

У зот осмондан ўлчов ила сув туширди. Бас, Биз у(сув) ила ўлик юртни тирилтирдик. Сиз ҳам шунга ўхшаш чиқарилурсиз.

У зот барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилди.

Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб: «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик.

Ва, албатта, Биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз. (Инсон маркабга минганда аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шунда унга маркаб миниш имконини берган зотни эсласа ва шу оятдаги дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон сафарга чиқиб уловга минсалар, уч марта «Аллоҳ акбар», деб такбир айтар ва қуйидагиларни ўқир эдилар: «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». Ё Аллоҳ! Биз сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз. Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин. Ё Аллоҳ! Сенинг ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳлиаёлдаги халифасан. Ё Аллоҳ! Мен сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳлиаёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман».)

Улар бандаларидан Унга бўлак (ҳукм) қилдилар. Албатта, инсон очиқ-ойдин ношукрдир. (Аллоҳга Унинг бандаларидан бўлмиш фаришталарни У зотнинг бўлаги-фарзанди деб ҳукм қилдилар.)

Ёки У зот Ўзи яратадиган нарсадан қизлар тутиб, сизларни ўғиллар ила сийладими?

Қачонки улардан бирортасига, Роҳманга мисол келтирган нарсанинг хушхабари берилса, ғазабга тўлиб, юзи қорайиб кетур.

Зебу зийнат ичида ўстириладиган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?! (Бу оятларда мушрикларнинг, фаришталар Аллоҳнинг қизи, деган эътиқодларига рад келмоқда.)

Улар Роҳманнинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлдиларми?! Албатта, бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар!

Улар: «Агар Роҳман хоҳлаганида, Биз уларга ибодат қилмас эдик», дедилар. Уларда бу ҳақда ҳеч бир илм йўқ. Улар фақат алжирамоқдалар, холос.