Showing 1-20 of 111 items.

Алиф. Лом. Ро. Ушбулар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.

Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки ақл ишлатсангиз.

Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам.

Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла. (Бу тушни кўрганда Юсуф (а.с.) ёш бола эди. Одатда ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Яъқуб (а.с.) кичик ўғли Юсуфдан кўрган тушини эшитиб, шу гаплар хаёлидан ўтди. Бу туш улуғ келажакдан башорат эканини англади.)

У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир», деди.

Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб оладир, сенга тушларнинг таъбирини ўргатадир ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, ўз неъматини батамом қилиб берадир. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли зотдир». (Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб (а.с.) ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби Пайғамбар бўлишидан дарак берар эди.)

Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят-ибратлар бор эди. (Яъни, Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида ажойиб ибратли аломат-белгилар жуда ҳам кўпдир. Ким сўраса, эътибор берса, диққат билан ўрганса, кераклигича ваъз-насиҳат, ибрат ва ўрнак олади.)

Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир», дедилар. (Яъни, Юсуфнинг акалари (улар ўн киши бўлиб, оналари бошқа эди), отамиз биздан кўра укамиз Юсуф ва унинг ота-она бир укаси икковини яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар.)

«Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Бундан кейин солиҳ қавмдан бўлиб оласизлар», дедилар. (Бу уларнинг ўзаро маслаҳатлари эди. Улар нима қилиб бўлса ҳам, Юсуфни йўқотиб, оталари фақат ўзларига эътибор бериши учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Шайтон васвасага солганда шундай бўлади.)

Улардан бир сўзловчи: «Юсуфни ўлдирманглар. Агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, баъзи йўловчилар олиб кетади», деди. (Акалар гапни бир жойга қўйиб, режани амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар. Бориб, оталарини аврай бошладилар.)

Улар: «Эй отамиз, сен нега Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга ихлос қилувчилармиз.

Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келадир. Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.

У:«Уни олиб кетишингиз мени хафа қиладир. Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди.(Уни сизларга ишониб, қўшиб юбора олмайман, деган маънодаги сўзни юмшоқроқ қилиб айтдилар.)

Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиёнкорлардан эканмиз-да?!» дедилар.

Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берасан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик. (Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди: Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарадики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.)

Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб:

«Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар.

Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Сизга ҳавои нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатибди. Энди чиройли сабр (дан бошқа чорам йўқ). Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», деди.(Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Аммо Аллоҳнинг Пайғамбари Яъқуб (а.с.) гап нимада эканини тушундилар. Юсуфни бўри емагани ҳам у кишига аён бўлди.)

Ва йўловчилар келиб (қудуққа) сувчиларини юбордилар. Бас, у челагини ташлади ва: «Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!», деди. Уни тижорат моли сифатида яшириб қўйдилар. Зотан, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи зотдир.

Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унга қизиқмаган эдилар. (Юсуфнинг ҳур инсон эканлиги, насли ошкор бўлиб қолса, бошларига нималар келишини яхши билардилар. Шунинг учун тезроқ сотишга ҳаракат қилдилар.)