Showing 1-20 of 109 items.

Алиф. Лом. Ро. Булар ҳикматли китобнинг оятларидир.

Одамларга ўзларидан бўлган бир кишига ваҳий юбориб: «Одамларни огоҳлантир ва иймон келтирганларга Роббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик борлигининг башоратини бер», деганимиз ажабланарли бўлдими? Кофирлар: «Албатта, бу очиқ-ойдин сеҳргардир», дедилар.

Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир. У ишнинг тадбирини қиладир. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Эсламайсизларми?! (Аллоҳ таоло Ўзининг Робблик–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни олти кунда яратган. (Бу олти куннинг ҳақиқатини–кайфиятини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бизнинг тушунчамиздаги «кун» маъносида эмаслиги маълум. Чунки бизнинг тушунчамиздаги «кун» осмонлару ер яратилгандан сўнг ерга муносиб бўлган вақт билан чегараланади. Бу оятдаги «кун» эса, осмонлару ер яратилишидан олдинги замонга тегишли вақтни англатмоқда.)

Барчангизнинг қайтишингиз Унгадир. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Албатта, У аввал бошда (барчани) Ўзи яратади. Сўнгра иймон келтирган ва яхши амал қилганларни адолат-ла мукофотлаш учун уларни қайтарур. Кофир бўлганлар эса, куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир.

У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларини батафсил баён қилади. (Инсон ҳаёти давомида доимий ҳис этиб турадиган мавжудотлардан бири қуёш, яна биттаси ойдир. Лекин инсон уларнинг мавжудиятига ўрганиб қолганидан кўп ҳам эътибор бермайди.)

Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмонлару ерда яратган нарсаларда тақво қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Кеча кириши муқаррар лаҳзада кеча киради. Кундуз бўлиши муқаррар лаҳзада кундуз бўлади. Ҳеч ким, ҳеч қандай куч бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси ва тадбири ила рўй беради. Аммо бу ишлар тинимсиз такрорланаверганидан инсон бу жараёнга эътибор бермай қўйган.)

Албатта, Биз ила мулоқот бўлишини умид қилмаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар.

Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир.

Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир. Наим жаннатларида остларидан анҳорлар оқиб турадир.

У ердаги дуолари: «Эй бор Худоё, сени поклаб ёд этамиз»дир. У ерда саломлашишлари «ас-Салом»дир. Охирги дуолари эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин»дир.

Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар. (Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.)

Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди. (Инсон иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлардан бошқалари. Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғигами, тинчлигигами ёки роҳатигами футур етса, бошига мусибат келса, дарҳол Аллоҳ ёдига тушади. Ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлборишни бошлайди. Ҳатто, энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир куни келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.)

Батаҳқиқ, сиздан олдинги асрларни зулм қилган чоғларида ва Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганларида иймон келтирмайдиган бўлганларида ҳалок қилганмиз. Жиноятчи қавмларни ана шундай жазолаймиз.

Сўнгра қандай амал қилишингизга назар солишимиз учун уларнинг ортидан сизларни ер юзида ўринбосарлар қилдик.

Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт. (Бу гапни ўта кетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар. Яъни, Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман. Пайғамбар бўлатуриб у зот (с.а.в.) шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!)

Сен:«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У зот ҳам уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт.

Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар нажот топмаслар.

Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиларлар ва: «Ана ўшалар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир!» дерлар. Сен: «Аллоҳга у осмонлару ерда билмайдиган нарсаларнинг хабарини бермоқчимисизлар?!» деб айт. Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок ва юксак зотдир.

Одамлар фақат бир уммат бўлган эдилар. Сўнгра ихтилофга тушдилар. Агар Роббинг томонидан айтилган сўз бўлмаганида, улар ихтилоф қилаётган нарса ҳақида ораларида ҳукм қилинган бўлар эди. (Дарҳақиқат, Одам атодан кейин ҳамма бир хил ақидада–тавҳид ақидасида эди. Аммо вақт ўтиши билан турли омиллар таъсирида баъзи ихтилофлар келиб чиқди. Айрим одамлар тавҳидни маҳкам тутдилар. Бошқалари ширкка кетдилар.)

Ва улар: «Унга Роббидан оят-мўъжиза тушса эди», дерлар. Бас, сен: «Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт. (Мушрикларнинг одатлари шу: атрофларидаги сон-саноқсиз мўъжизалардан кўз юмиб, Пайғамбарнинг (с.а.в.) ва у кишига келаётган ваҳийнинг ҳақ эканлигини тасдиқловчи алоҳида катта моддий мўъжиза келтиришни талаб қилишарди. Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) шариатлари охирги шариат бўлганидан Аллоҳ таоло мушрикларнинг матлубини ортга суришга аҳд қилган эди. Шу боис Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) мушрикларнинг бу бемаъни талабига:«Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт», демоқда.)