Showing 1-20 of 135 items.

Тоҳо.

Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.

Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.

У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир.

У–Роҳман Аршни эгаллади. (Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос.)

Осмонлардаги нарсалару ердаги нарсалар, уларнинг орасидаги нарсалару ер остидаги нарсалар Уникидир.

Сен агар сўзда овозингни юксалтирсанг ҳам. Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир.

Аллоҳ–ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир.

Сенга Мусонинг хабари келдими?

У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: »Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам«, деди. (Ояти каримада Мусо алайҳиссалом Мадяндан Мисрга келаётганларида рўй берган ҳодиса баён этилмоқда.)

Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.

Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».

Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос.

Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт.

Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.

Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан».

«Эй Мусо, қўлингдаги нима?»

У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди.

У зот: «Эй Мусо, уни ташла», деди.

Бас, уни ташлади. Бирдан у(асо) илон бўлиб юра бошлади.