Showing 1-20 of 88 items.

Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам.

Аммо куфр келтирганлар кибру ҳаво ва мухолифликдадирлар.

Биз улардан илгари ҳам қанча асрларни ҳалок этганмиз. Улар (ёрдам сўраб) нидо қилдилар. Аммо қочиб қутулиш вақти эмас эди.

Уларнинг ичларига ўзларидан огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу (одам) сеҳргар ва каззобдир.

У худоларни битта худо қилдими?! Албатта, бу ажабланарли нарса!» дедилар.

Уларнинг аъёнлари: «Юринглар, худоларингиз тўғрисида сабр қилинглар. Албатта, бу қасддан қилинаётган нарсадир.

Биз бу ҳақда охирги миллатдан эшитганимиз йўқ. Бу тўқилгандан бошқа нарса эмас.

Бизнинг ичимиздан ўшанга зикр нозил қилинибдими?!» деб туриб кетдилар. Йўқ! Улар Менинг зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар. Йўқ! Улар азобимни татиб кўрмадилар.

Ёки уларнинг ҳузурида азизу ўта саҳоватли Роббингнинг раҳмат хазинаси борми?

Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими? Бас, унда сабаблари ила (осмонга) кўтарилсинлар!

Анави ердаги енгилган фирқалардан бўлган қандайдир лашкар. (Мушриклар, жуда борганда, енгилган фирқалардан тўпланган қандайдир ҳақир бир лашкар бўла олади, холос. Уларнинг бундан баландроқ қиймати йўқ.)

Улардан олдин ҳам Нуҳ қавми, Од, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган.

Ва Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам. Фирқалар ўшалардир.

Барчалари, албатта, Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг иқобим ҳақ бўлди.

Ана ўшалар бир лаҳзага кечикмай келадиган биргина қичқириқдан бошқа нарсага интизор бўлаётганлари йўқ

Улар: «Эй Роббимиз, бизга ҳисоб кунидан илгари насибамизни тезроқ бер!» дедилар.

Улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у ўта қайтгувчидир. (Яъни, ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтувчидир-тавба қилувчидир. Тавбанинг луғавий маъноси ҳам қайтишдир.)

Албатта, Биз унга тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайту эрталаб тасбиҳ айтардилар.

Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У зотга ўта қайтгувчилардир. (Аллоҳ таоло Довудга алайҳиссалом қушларни ҳам тўп-тўп қилиб, бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у кишига қўшилиб, Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбиҳ айтар эдилар.)

Ва Биз унга мулкини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик. (Биз Довудга Пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.)