Showing 1-20 of 54 items.

Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир.

У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, биладир, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, биладир. Ва У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли зотдир.

Куфр келтирганлар:«Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга албатта келур. У зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт.

Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун. Ана ўшаларга, мағфират ва гўзал ризқ бордир. (Қиёмат қоим бўлиши заруратдир. Бу дунёда иймон келтириб, ўша эътиқод тақозоси ила жонининг роҳатидан кечиб, куч-қувват, зеҳн-заковат ва пул-мол сарфлаб яхши амалларни қилганлар бор. Улар бу дунёнинг ўзида яхши ишлари учун мукофотларини тўла олмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам: «Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун» қиёмат қоим бўлиши заруратдир.)

Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиргувчи бўлиш учун ҳаракат қилганларга эса, ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир.

Илм берилганлар сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани айни ҳақ деб ва азиз ва мақталган зотнинг йўлига ҳидоят қилур деб билурлар. (Барча ҳақиқий илм соҳиблари сенга, эй Пайғамбар, Роббингдан нозил қилинган Қуръон ҳамманинг устидан ғолиб ва ҳамма томондан мақталган зотнинг–Аллоҳ таолонинг йўлига ҳидоят қилади деб биладилар.)

Куфр келтирганлар эса: «Сизларга бутунлай титилиб битган чоғингизда албатта янгитдан яратилишингиз хабарини бераётган кишини кўрсатайликми?!

У Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидими ёки жинни бўлиб қолдими?« дедилар. Йўқ! Охиратга иймон келтирмайдиганлар азобда ва йироқ залолатдадирлар.

Ахир, улар осмону ердаги, олдиларидаги нарсаларни, ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми?! Агар хоҳласак, уларни ерга ютдириб юборурмиз ёки устларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бунда (Аллоҳга) қайтгувчи ҳар бир банда учун оят-белги бордир. (Охиратдаги қайта тирилишни инкор этаётган кофирлар, осмону ердаги, олдиларию ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми? Уларнинг тўрт тарафида Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга қодир эканига, ҳужжатлар тўлиб ётибди-ку! Агар ақллари ишламаётган бўлса, кўзларини очиб, ҳушларини жойига келтириб қўйишимиз мумкин.)

Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам», (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик. (Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У киши темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.)

Ва унга: «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик.

Ва Сулаймонга шамолни (бердик). У(шамол)нинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тотдирамиз. (Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол бир кундузда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди. У киши мисдан қийинчиликсиз хоҳлаган нарсаларини ясайдиган бўлдилар.)

У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир.

Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. (Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса, Сулаймон кузатиб турибди, деб ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони маълум миқдорда еганидан кейин асо жойидан сурилган ва Сулаймоннинг алайҳиссалом жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар.)

Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахотон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.)

Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик. («Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради.«Сидр» бутасиймон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.)

Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз.

Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кетма-кет қишлоқлар қилиб, улар орасидаги юришни ўлчовли этиб қўйган ва «Уларда кечалар ҳам, кундузлар ҳам омонлик-ла юраверинг» (деган эдик). (Аллоҳ таоло сабаъликлар билан ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳар-қишлоқлар орасидаги йўлларда қишлоқлар бино қилиб қўйган эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар қийналмасдан қишлоқлар орқали манзилларига бемалол етиб олар эдилар.)

Улар: «Эй Роббимиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дедилар ва ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва бутунлай парча-парча қилиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир.

Батаҳқиқ, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашдилар.