Showing 1-20 of 38 items.

Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. (Иймонсизларнинг қилган яхшиликлари ҳам ажр-савобсиз бўлади. Инсон Аллоҳга ишонмаса, кофир бўлса, Аллоҳ унга қандоқ қилиб савоб ато этади.)

У зот иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарса(Қуръон)га–ҳолбуки у Роббиларидан келган ҳақдир–иймон келтирганларнинг айбларини беркитур ва аҳволларини яхшилар.

Ундоқ бўлишига, албатта, куфр келтирганларнинг ботилга эргашганлари ва иймон келтирганларнинг Роббиларидан бўлган ҳаққа эргашганликлари сабабдир. Аллоҳ кишиларга ўзларининг мисолларини шундай келтиради.

Қачонки куфр келтирганлар билан тўқнашсангиз, бас, бўйинига урмоқ керак. Вақтики, уларни тор-мор қилсангиз, бас, маҳкам боғланг. Сўнгра ёки миннат, ёки товон олишдир. Ҳаттоки уруш ўз анжомларни қўйгунча. Ана шундай. Аллоҳ хоҳласа, улардан Ўзи ғолиб келарди, лекин баъзиларингизни баъзиларингиз ила синаш учун (қилди). Аллоҳ йўлида қатл қилинганларнинг амалларни У зот ҳеч зое қилмас.

Албатта, уларни ҳидоят қилар ва аҳволларни яхшилар.

Ҳамда Ўзи уларга таърифлаб берган жаннатга киритар. (Бу оятда урушдан бошқа илож қолмаган майдонда тўқнашув бўлгандан сўнг қилинадиган ишлар ҳақида сўз кетмоқда.)

Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам берадир ва қадамларингизни собит қиладир.

Ва куфр келтирганларга бахтсизлик ва амалларини зое қилиш бўлур.

Бу уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганлари сабабидандир. Бас, У зот амалларини ботил қилди.

Ер юзида юриб, ўзларидан аввалгиларнинг оқибати қандоқ бўлганлигига назар солмасларми? Аллоҳ уларни вайрон қилди-ку! Кофирларга ҳам шунга ўхшаш бўлур.

Шундоқ бўлиши, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларга дўст эканлигидан ва албатта, кофирларга дўст йўқлигидандир.

Албатта, Аллоҳ иймон келтирганлар ва яхши амал қилганларни тагидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир. (Бу ерда гап ҳақиқий ва ниҳоий насиб ҳақида кетаяпди. Кофирларга бу дунёда мол каби еган таомидан ўзга насиба йўқ.)

Кўпгина шаҳарлар сени чиқарган шаҳарингдан кўра қувватлироқ эди, уларни ҳалок қилдик. Бас, уларга нусрат берувчи йўқдир. (Бу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамани ташлаб, мажбуран Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетаётган йўлларида нозил бўлган.)

Ўз Роббисидан (аниқ) ҳужжатга эга бўлган шахс ёмон амали ўзига зийнатли кўринган ва ҳавои нафсига эргашганларга ўхшаши мумкинми?!

Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр-шаробли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун у ерда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. Ўшалар оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшайдиларми?

Ва улардан сенга қулоқ осадиганлари бор. Ҳузурингдан чиққанларида эса, илм берилганларга: «Ҳали у нима деди?» дерлар. Ана ўшалар қалбларига Аллоҳ тамға босганлар ва ҳавои нафсларига эргашганлардир.

У зот ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилгай ва уларнинг тақволарини бергай.

Улар (қиёмат) соатининг бирдан келишидан бошқа нарсага интизор бўлишаётгани йўқ. Дарвоқеъ, аломатлари келиб ҳам қолди. Агар у келиб қолса, улар қаердан эслатма олурлар?! (Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига кириб ҳеч нарсани тушунмай чиқаётган ғофил мунофиқлар ва уларнинг издошлари нимани кутишяпти? Уларга нима керак? Улар қиёмат соатининг бирдан, тўсатдан келиб қолишидан бошқа нарсани кутишаётгани йўқ. Қиёматнинг аломатлари эса, келиб қолди. Демак, ўзининг келиши ҳам яқин. Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар этиб юборилишлари.Чунки у киши Пайғамбарларнинг охиргиларидирлар. У кишидан кейин Пайғамбар келмайди, балки қиёмат келади.)

Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳларини мағфират қилинишини сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билур. (Аллоҳ таолонинг «Билгин» деб хитоб қилиши ақида масаласида билим зарурлигига таъкиддир. Бу ишда кўр-кўрона тақлид фойда бермайди. Демак, «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ»лигига ақида қилиш билим асосида бўлиши жуда ҳам яхши бўлар экан.)

Ва иймон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дерлар. Вақтики, аниқ сура нозил қилиниб, унда уруш зикр қилинса, қалбларида касали борларни сенга жон бераётганнинг қарашидек қараётганини кўрасан.