Showing 1-20 of 98 items.

Кааф, ҳаа, йаа, айн, сод.

Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир. (Яъни, эй Муҳаммад (с.а.в.), ушбу қисса «Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)

Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла.

У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман.

Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий–ортдан қолгувчи ато эт.

У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди.

Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз. (Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.)

У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!» деди.

У: «Ана шундай! Роббинг айтдики, бу мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг», деди.

У: «Роббим, менга бир белги ато қил», деди. У зот: «Сенинг белгинг саломат ҳолингда, одамларга уч кеча гапирмаслигингдир», деди.

Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди. (Соғлом ҳолда тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбиҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлдилар. Меҳробдан чиқиб қавмларига, эртаю кеч Аллоҳга тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилдилар. Бу билан қавмларини бирга ибодат қилишга, берилган улуғ неъмат шукронасини адо этишга чорладилар. Шу нуқтада Закариёга алайҳиссалом тегишли тарих хотима топади. Яҳё алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳаётларига тааллуқли бошқа тарихлар баён этилмай, бир йўла ул зотга китоб нозил этилиш қиссаси зикр этилади.)

«Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик) ва унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик. (Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга, илоҳий Тавротни қувват билан ол, демоқда. Оятдаги: «Унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.)

Ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди.

У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилгувчи ва исёнчи эмасди.

Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин.

Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда.

Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Байтул Мақдисда яшаётган, бокира, тақводор қиз Марям, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.)

У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди.

У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди.

У: « Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди.