Showing 1-20 of 34 items.

Алиф. Лам. Мийм.

Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир.

У муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир.

Намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганларга.

Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.

Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у(йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир. (Улар ҳикмат тўла Қуръони Каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини қабул қилмасдан, уларга бадалсиз тақдим этилаётган икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйинсунмасдан, қандайдир беҳуда сўзларни кўтариб юрадилар. Ҳа, ўша беҳуда сўзлар эгаси бўлиш учун молу мулкни, ҳаётни, зеҳн-заковатни, бутун имкониятларни сарфлайдилар.)

Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, худди уларни эшитмагандек, худди қулоғида оғирлик бордек мутакаббирлик билан ортга қараб кетадир. Бас, унга аламли азобнинг башоратини бер.

Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилганларга, ўшаларга неъмат жаннатлари бордир.

Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Ва У азиз ва ҳакимдир.

У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.)

Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар.

Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик. («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига »ҳаким« лақаби қўшилиб зикр қилиши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, Ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.)

Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».

Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».

Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.

«Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.

Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир.

Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.

Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.)

Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор. (Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.)