Showing 1-20 of 52 items.

Алиф. Лом. Ро. Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик.

Аллоҳ осмонлару ердаги нарсалар Уники бўлган зотдир. Кофирлар ҳолига шиддатли азобдан вой бўлсин.

Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар ва у(йўл)нинг эгри бўлишини хоҳлайдиганлардир. Ана ўшалар йироқ адашувдадирлар. (Қаттиқ азобдан ҳолига вой бўладиган кофирларнинг шундай ҳолатга тушишининг сабаблари ушбу оятда келтирилади. Улар дунёни охиратдан устун қўйганлари учун иймон йўлига юра олмайдилар. Фақат бу дунёни кўзлаган одам беш кунлик ҳаётида кўпроқ матоҳга эришиш учун ўлиб-тирилади. Ҳаром-харишга қўл уради. Одамларнинг ҳаққини ейдии Одамларга зулм, хиёнат қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в.): «Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир», деганлар.)

Қайсики Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказадир, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир. У азиз ва ҳикматли зотдир. (Бутун оламларга ва барча қавмларга Пайғамбар бўлган Ҳазрати Муҳаммадга (с.а.в.) ҳам араблар тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бошқа Пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад (с.а.в.) қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар Пайғамбар қилиб юборилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.)

Батаҳқиқ, Биз Мусони оятларимиз ила: «Қавмингни зулматлардан нурга чиқар ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслат! Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукрли учун ибратлар бордир», деб юбордик.

Ўшанда Мусо қавмига: «Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг; вақтики, у сизни Оли Фиръавндан қутқарди. Улар сизга бардавом ёмон азоб берардилар. Ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирардилар. Ана ўшанда Роббингиздан буюк синов бордир», деган эди. (Яъни, азоб-уқубатга дучор қилиш бир синов. Ундан қутулиш неъматини бериш иккинчи бир синовдир. Биринчисида банда сабр қилиб, иккинчисида шукр қилиб синовдан ўтиши керак.)

Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.

Мусо: «Агар сиз ва ер юзидаги кимсалар ҳаммангиз куфр келтирсангизлар ҳам, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деди. (Демак, шукр этган киши ўзига фойда келтиради. Куфр қилган одам ўзига зарар орттиради. Аллоҳ шундоқ ҳам беҳожат ва мақталган зотдир.) Эй Муҳаммад уммати!

Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Улар эса, қўлларини оғизларига қўйиб: «Биз сиз бизни чақираётган нарсада шубҳалантирувчи шакдадирмиз!» дедилар. (Яъни, ўша нобакор қавмлар овозлари баланд чиқиши учун қўлларини оғизларига карнай қилиб қўйиб: »Биз сиз орқали Аллоҳ томонидан юборилган динга куфр келтирдик. Биз сиз даъват қилаётган нарсада кучли шак ва шубҳадамиз!« дедилар. Демак, улар ўзларини зулматлардан нурга олиб чиқиш учун Аллоҳ томонидан келган ҳодий Пайғамбарларга нисбатан беодобларча муносабатда бўлдилар.)

Пайғамбарлари уларга: «Осмонлару ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳга шак борми? У сизларни гуноҳларингизни мағфират қилишга ва ўзингизни маълум муддатга қолдиришга чақирмоқда-ку!« дедилар. Улар эса: «Сиз бизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмассиз. Бизни оталаримиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчисиз. Бас, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтиринг», дедилар. (Барча қавм кофирлари барча Пайғамбарларга шу гапни айтганлар. Уларнинг ўз оталари нимага ибодат қилиб юргани билан ишлари йўқ. Оталари ибодат этган нарса нима бўлса ҳам, бари бир. У нарсалар бир қийматга арзийдими? Уларга ибодат қилиш лозимлиги ҳақида бирор далил борми? Бу ва бунга ўхшаш саволлар билан ишлари йўқ. Аммо Аллоҳ томонидан очиқ ҳужжатлар билан келган Пайғамбарлардан (а.с) яна ҳужжат-далил сўрайдилар.)

Пайғамбарлари уларга: «Биз сизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмасмиз. Лекин Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга (Пайғамбарлик) инъом қилур. Биз ўзимизча сизга бирор ҳужжат келтира олмаймиз, илло Аллоҳнинг изни ила. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар. (Яъни, бу гапингиз тўғри. Биз фаришта ҳам ёки бошқа бир олий мақомли алоҳида зот ҳам эмасмиз. Бироқ бу дегани одам зотидан Пайғамбар бўлиши мумкин эмас деган гап эмас. Тўғри, биз башармиз.)

Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», дедилар.

Куфр келтирганлар ўз Пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан чиқариб юборамиз ёки, албатта, миллатимизга қайтасизлар», дедилар. Бас, Роббилари уларга: «Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз.

Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, мақомимдан хавф қилганлар ва таҳдидимдан қўрққанлар учундир», деб ваҳий қилди. (Аллоҳ таоло, Пайғамбарларнинг кўнгилларини тинчлантириб, башорат берди. Золимлар албатта ҳалок бўлишини таъкидлади. »Золимлар« деганда кофирлар кўзда тутилади. Чунки куфр энг катта зулмдир. Ўша кофир золимларни ҳалок этгандан сўнг у ерга сизларни, яъни, Пайғамбарларни ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларни жойлаштирамиз, деди. У ерга кимки менинг мақомимдан қўрқса, ўзидан кетиб ҳаддидан ошмаса, ўша жойлашади, деди.)

Фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабрчи, саркаш кимса ноумидликка учради.

Унинг ортида жаҳаннам бордир. Йиринг сув ила суғориладир.

Уни ютишга уринади-ю, юта олмас. Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, ўла олмас. Унинг ортидан эса, қаттиқ азоб бор. (Жаҳаннамда уларга алвон-алвон азоблар берилади. Жумладан, ўша жабрчи-саркаш жаҳаннам оловида ёниб-чанқаб сув сўраганида, унга йиринг берилади. Йирингни оғизга олишнинг ўзи қаттиқ азоб. Уни чанқоқбосди учун ичиш икки карра азоб,уни юта олмай қийналиш азобдир. Ўлимни ўйлашнинг ўзи бир азоб. Ўлимнинг келиши баттарроқ азоб. Энди такрор ва такрор ўлим келиб туриб ўла олмаслик мислсиз азобдир.)

Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир. (Ҳар қандай амал, агар эгасида кофирлик бўлса, бехудага айланади. Кофирлик ҳар қандай яхши амални худди кулга ўхшатиб кераксиз қилиб қўяди. Чўғи йўқ кул бефойда нарсага айланиб, уни шамол тўзитиб учириб кетганидек, кофирларнинг амаллари ҳам бехуда кетади. Улар турли амалларни қилишлари мумкин, аммо фойда ола билмайдилар.)

Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила яратиб қўйганини кўрмадингми? Агар истаса, сизларни кетказиб, янги халқ келтиради.

Бу эса, Аллоҳ учун қийин эмас.