Showing 1-20 of 123 items.

Алиф. Лом. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир.

Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир. Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман.

Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.

Аллоҳнинг Ўзига қайтишингиз бор. У ҳар бир нарсага қодир зотдир.

Огоҳ бўлингким, албатта, улар ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгадилар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир. (Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда.)

Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир.

У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар. (Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, Аллоҳнинг арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда унинг арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг арши бор экан. Ўша пайтда бу арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни бехуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.)

Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, албатта, улар: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар. Огоҳ бўлингларким, у келган кунда улардан қайтарилмас ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олур.

Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур.

Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта: «Мендан ёмонликлар кетди», дейдир. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир.

Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор.

Эҳтимол сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар. Сен огоҳлантирувчисан, холос. Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир. (Албатта, кофир ва мушриклар қанчалик шаккоклик қилмасинлар, қанчалик таклифлар киритмасинлар, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) эътиқодларига зарар етказа олмайдилар. У киши Қуръоннинг баъзисини тарк этмоқчи ҳам бўлмайдилар, ундан юраклари сиқилмайди ҳам. Аммо бу оят у кишига ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келмоқда. Яъни, мушриклар қанчалар ёмонлик қилсалар ҳам, сизлар сабр қилинглар, сиқилманглар, демоқда.)

Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин. (Мушрикларнинг аввалги оятда келган «Пайғамбарга хазина туширса ёки у билан бирга фаришта ҳам Пайғамбар этиб юборилсагина унга эргашамиз», деган мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар: «Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дейдилар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. «Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.)

Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!

Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар.

Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди.

Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга ўша (Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби имом ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига (куфр келтирилади)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирарлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар. (Қуръони Каримдан олдин Мусонинг (а.с.) китоби Таврот ҳам имом ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммаднинг (с.а.в.) охирзамон Пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?! Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Албатта, Пайғамбармиз (с.а.в.) ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади.)

Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар.

Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар ва унинг эгри бўлишини хоҳларлар ҳамда улар охиратга куфр келтирувчи кимсалардир.

Ана ўшалар ер юзида қочиб қутилувчи бўла олмадилар, уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади, азоб бир неча баробар қилинур. Улар эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам.