Showing 1-20 of 85 items.

Ҳа-а. Мийм.

Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ўта илмли Аллоҳ томонидандир.

У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир.

Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақатгина куфр келтирганлар талашиб-тортишурлар. Бас, уларнинг юртларда айланиб юришлари сени алдаб қўймасин. (Кофирлар ҳукм ва султонга, бошқа нарсаларга эга бўлишлари мумкин, бу ҳоллар мўмин кишини алдаб қўймаслиги керак.)

Улардан олдин Нуҳ қавми ва улар кетидан келган фирқалар ҳам ёлғончи қилган эдилар. Ҳар уммат ўз Пайғамбарини тутишга қасд қилди ва ҳақни йўқотиш учун ботил ила мужодала этди. Бас, Мен уларни тутдим. Бас, Менинг иқобим қандай бўлди! (Ана ўша ўтган умматлардан ҳар бири ўз Пайғамбарини тутиб, ўлдирмоқни қасд қилди. Суи қасд кофирларнинг қадимий одати.)

Куфр келтирганларга ҳам Роббингнинг (азоб) сўзи худди ана шундай ҳақ бўлди. Албатта, улар дўзах эгаларидир.

Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбиҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўраб: «Эй Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. (Аллоҳ таолонинг Аршини инсон идрок қила олмайди, инсон аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагиларнинг ҳам ҳақиқатини билмайди. Билгани–Аршни кўтариб турадиган, атрофини ўраб олган зотлар борлигидир. Улар модомики Аршни кўтариб турган эканлар, шунга яраша куч-қувват ва мақом-мартабага эгадирлар.)

Эй Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сенинг Ўзинг азизу ўта ҳикматли зотсан.

Ва уларни ёмонликлардан сақла, ўша куни кимни ёмонликлардан сақласанг, батаҳқиқ, унга раҳм қилибсан. Ана ўша буюк ютуқдир», (дерлар).

Албатта, куфр келтирганларга: «Иймонга чақирилганингизда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг ғазаби сизнинг ўзингизга (ҳозирги) ғазабингиздан каттароқдир», деб нидо қилинур.

Улар: «Эй Роббимиз, Сен бизни икки марта ўлдирдинг, икки марта тирилтирдинг. Бас, биз гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди чиқишнинг бирон йўли борми?» дедилар. (Улар она қорнида руҳ киргунича жонсиз ҳолда ётганларини ва ёруғ дунёда ўлиб, кўмилганларини икки марта ўлиш демоқдалар. Онанинг қорнида бир марта ва қиёмат куни иккинчи марта тирилтирдинг. Сенинг ҳар бир нарсага қодир эканингни ҳам эътироф қилдик.)

Бундай бўлишингиз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига даъват қилинганида, куфр келтирганингиз, Унга ширк келтирилса, иймон келтирганингиз учундир. Бас, ҳукм олий ва улуғ Аллоҳникидир.

Унинг Ўзи сизга оят-белгиларини кўрсатадиган, осмондан сизга ризқ туширадиган зотдир. Фақат қайтадиган кишигина англар. (Ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтадиган, тавба қиладиган, кўрган-билганидан ваъз-насиҳат оладиган кишиларгина англаб етадилар.)

Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг.

У даражаси юксак, Арш эгаси бўлган зотдир. У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мулоқот кунидан огоҳлантириши учун руҳни туширур. (Мулоқот- учрашув кунидан мурод қиёматдир. Руҳдан мурод эса, ваҳий ва уни олиб келувчи фариштадир.)

Ўша кунда улар зоҳир бўлурлар. Аллоҳга улардан бирон нарса махфий қолмас. Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир! (Қиёмат кунида одамлар кўмилиб ётган жойларидан чиқиб, зоҳир бўлиб, кўриниш берадилар. Бандаларидан содир бўлган бирон нарса Аллоҳ таолога махфий қолмас, аммо бу ҳақиқатни қиёмат куни ҳақида алоҳида такрор айтишдан мақсад кофир, мунофиқ ва осийлар, қилган ишларимиз тўполоннинг ичида махфий қолса ажаб эмас, деган ўйда бўлсалар, ўша хаёлни кўтариш учундир.)

Бугунги кунда ҳар бир жон ўзи қилган касбга яраша жазо олур. Бугунги кунда зулм йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилгувчи зотдир.

Сен уларни яқинлашгувчи кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ. (Яқинлашгувчи кун қиёмат кунидир. У ҳадемай келиб қолади. Кўзни очиб юмгунча рўй беради. Одамлар ўша кундан огоҳ бўлсинлар. У кун оғир кун бўлади. Ҳаёти дунёда куфр ва ширк ила зулмга юрган кишилар учун ёнини оладиган дўст ҳам, гапига қулоқ соладиган шафоатчи ҳам бўлмайди.)

У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.)

Аллоҳ ҳақ ила ҳукм қилур. Ундан ўзга илтижо қилаётганлари эса, ҳеч нарса билан ҳукм қилмаслар. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир.