Showing 1-20 of 30 items.

Алиф. Лам. Мийм.

Бу китобнинг нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз, оламларнинг Робби томонидандир.

Ёки, унинг ўзи тўқиб олган, дейдиларми?! Йўқ! У сендан олдин ўзларига ҳеч огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингдан (келган) ҳақдир. Шояд улар ҳидоят топсалар.

Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллган зотдир. Сиз учун ундан ўзга дўст ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир. Ахир, эсламайсизларми?! (Осмонлару ернинг олти кунда яратилишининг ҳикмати ва сирлари ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Уламоларимиз бу тўғрида турли фикрларни айтган бўлсалар ҳам, кўплари Аллоҳга ҳавола этишни маъқул биладилар.)

У зот осмондан ергача барча ишнинг тадбирини қилур. Сўнгра ўша (иш) миқдорини сиз санаётган ҳисобда минг йилга тенг бўлган кунда Унга чиқар. (Яъни, Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма ишларнинг тадбирини қилиб қўйган. Аммо бу ишлар қолиб кетавермайди. Унутилиб ҳам, натижасиз ҳам қолмайди. Балки қиёмат куни яна Аллоҳнинг ҳузурига чиқади. Қиёмат куни ўзининг даҳшати ила, бу дунёда одамлар санаб юрган минг кунга тенг бўлади. Ана ўша кунни ўйлаб иш кўриш керак.)

Ана шу Зот ғойибнию ҳозирни билгувчи, азизу раҳиймдир.

У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган зотдир.

Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди.

Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар.

Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач ҳам, яна янгитдан яратиламизми?!» дерлар. Йўқ! Улар Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.

Сен: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт. (Бу дунёда одам боласи ҳеч қачон ўлишни хоҳламайди. Аммо ажали етса, у қанчалик яшашни хоҳласа-да, вакил қилинган ўлим фариштаси келиб жонини олади.)

Гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб туриб: »Эй Роббимиз, кўрдик, эшитдик. Бас, бизни ортга қайтар, яхши амал қиламиз. Албатта, биз ишониб етдик«, дейишларини кўрсанг эди.

Агар хоҳлаганимизда, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берар эдик. Лекин мендан: «Албатта, жаҳаннамни жинлар ва одамларни жамлаб тўлдираман», деган сўз ҳақ бўлди. (Ҳа, бу иш Аллоҳ таоло учун осон эди. Аллоҳ инсонни айрича табиат билан яратди. Унга ақл берди. Ирода берди. Истак берди. Шаҳват берди. Пайғамбар юбориб, китоб нозил қилди. Ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатди. Бу дунёдаги вазифасини тушунтирди. Одамлар ва жинлар ичидан кофирликни, осийликни танлаганларини қўшиб жаҳаннамга ташлаб, улар билан уни албатта тўлдираман, деган сўзим бор эди, шу ҳақ бўлди.)

«Бас, тотиб кўринглар, ушбу кунингизда учрашувни унутганингиз туфайли Биз ҳам сизни унутдик. Қилиб ўтган амалларингиз туфайли мангу азобни тотинг!» дейилур.

Албатта, Бизнинг оятларимизга уларла эслатма берилганда саждага йиқиладиган, Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирарлар. (Яъни, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинган чоғда таъсирланиб, қалблари эриб, ихлослари ортиб, Аллоҳни улуғлаб саждага йиқиладиган одамларгина оятларга иймон келтирар эканлар.)

Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар.

Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас. (Яъни, ҳеч бир одам яхши амаллари эвазига жаннатда беркитиб қўйилган, кўзни қувонтирадиган мукофотлар борлигини идрок қила билмас. Улар риё бўлмасин деб амалларни кечасида, махфий равишда қилгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларга берадиган мукофотини махфий қилиб, беркитиб қўйган.)

Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?! Тенг бўлмаслар.

Ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир.

Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг», дейилур. (Фосиқлар дўзах азобидан қийналиб, ундан қочиб чиқишга ҳаракат қиладилар. Аммо улар дўзахдан энди чиқай деб қолганларида, яна унга қайтариладилар. Шундай қилиб, у ерда доимий ва абадий азобланадилар.)