Showing 1-20 of 53 items.

Ҳа-а. Мийм.

Айн. Сийн. Қо-оф.

Азизу ўта ҳикматли бўлмиш Аллоҳ сенга ва сендан аввалгиларга мана шундай ваҳий қилур.

Осмондаги нарсалар ва ердаги нарслар уникидир. У зот юксак ва улуғдир. (Осмонда нимаики бўлса, Аллоҳникидир. Аллоҳ таолонинг мулкидир. Ерда нимаики бўлса, Аллоҳникидир. Уларнинг ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ талонинг мулкидир. Унинг мулкига ҳеч ким шерик бўла олмас.)

Осмонлар уст томонларидан ёрилиб кетай дейдир. Фаришталар эса, Роббилари ҳамди ила тасбиҳ айтурлар ва ер юзидаги кимсаларга истиғфор сўрарлар. Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Аллоҳ таолонинг юксаклиги ва улуғлиги қаршисида чидай олмай, осмонлар ўз устиларидан ёрилиб кетай, деб турадилар.)

Ундан ўзга «дўстлар» тутганларга Аллоҳ кузатгувчидир. Сен уларга вакил эмассан

Ана шундай қилиб, Биз сенга шаҳарларнинг онасини ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун, бўлишида ҳеч шубҳа йўқ жамлаш кунидан огоҳлантиришинг учун арабий Қуръонни юбордик. Бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда. (Илмий изланишлар кўрсатдики, Маккаи Мукаррама ернинг қуруқлик қисмининг қоқ маркази экан. Бу ҳақиқатдан, ояти каримадаги «шаҳарларнинг онаси ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун» дегани, бутун ер юзини огоҳлантиришинг учун, дегани эканлиги маълум бўлди. Шу кашфиётга асосланиб, дунёнинг ҳамма нуқтасидан туриб қиблани топиб оладиган асбоб яратилди.)

Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, уларни бир уммат қилар эди. Лекин У зот хоҳлаган кишини Ўз раҳматига киритур. Золимларга эса, ҳеч бир дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам йўқдир.

Ёки улар ундан бошқа «дўстлар» тутдиларми?! Бас, Аллоҳнинг Ўзигина дўстдир. У зот ўликларни тирилтирур. Узот ҳар бир нарсага қодирдир.

«Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир. Ана ўша Аллоҳ Роббимдир. Унгагина таваккал қилдим ва Унгагина қайтурман».

У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи зотдир. У сизларга ўз жинсингиздан жуфтлар яратди. Чорва ҳайвонларини ҳам жуфт қилиб яратди. У зот сизни ўша (жуфтлик) асосида кўпайтирур. У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир.

Осмонлару ер (хазиналари) калитлари Уникидир. У хоҳлаган одамига ризқни кенг ёки тор қилур. Зотан у барча нарсани ўта билгувчи зотдир.

У зот сизларга дин этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсоларга васият қилган нарсамизни шариат қилди. «Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз», деди. Мушрикларга сен уларни даъват қилган нарса оғир келди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини (Пайғамбарликка) танлаб олур ва У Ўзигагина илтижо этгувчи кишини ҳидоят қилур. (Эй одамлар, динни Аллоҳ таолодан қандай келган бўлса, шундай барпо қилингиз, унга ана шундай ҳолида амал қилингиз. Дин ҳақида турли тафриқага тушиб, ихтилоф қилмангиз.)

Улар фақат ўзларига илм келгандан кейингина, ўзаро ҳасад-адоват қилишиб тафриқага тушдилар. Агар Роббингдан (азоблашни) маълум муддатгача (қолдириш) ҳақида сўз ўтган бўлмаганида, улар орасида албатта ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улардан кейин китобга ворис қилинганлар у ҳақида шак-шубҳададирлар. (Динда тафриқага тушганлари учун мазкур нобакор қавмларини аллақачон ҳалок қилиб юбориш керак эди. Аммо, Аллоҳ таолонинг олдиндан ажални белгилаб қўйганигина бу ишни тўсиб турибди. Илоҳий китоб келганда ўзаро ҳасад ва адоват ила тафриқага тушганларнинг китобига ворис қилинган яҳудий ва насоролар Қуръон тушган пайтда ҳам ўз китоблари ҳақида шак-шубҳададирлар.)

Бас, шунинг учун ҳам даъват қил, ўзингга амр қилинганидек, мустақим тур ва уларнинг ҳавои нафсларига эргашма ҳамда: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга иймон келтирдим ва орангизда адолат ўрнатишга амр қилиндим. Аллоҳ бизнинг Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиз. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз ўзингиз учун. Биз билан сизнинг орамизда жанжал(га ўрин) йўқ. Аллоҳ бизларни жамлайди ва қайтиш ёлғиз Унинг Ўзигадир», деб айт. (Аллоҳ сенга берган динга одамларни даъват қил ва ўз даъватингда Аллоҳ сенга буюрганидек мустақим тур. Ўтган Пайғамбарларнинг динида тафриқага тушган ва китобларига шак-шубҳа қилган нобакор қавмларнинг ҳавои нафсларига эргашма. Эй Пайғамбар, Аллоҳ томонидан менга сиз бандалар орангизда мутлақ адолат ила ҳукм қилишга буюрилдим. Кишиларнинг динига, жинсига, насл-насабига, мансабига, обрў-эътиборига қараб эмас, одамлигига, Аллоҳнинг бандаси эканлигига нисбатан адолат ўрнатишга буюрилдим, деб айт)

Аллоҳ ҳақида Унга ижобат қилинганидан кейин ҳам талашиб-тортишадиганларнинг ҳужжатлари Роббилари ҳузурида ботилдир, уларга ғазаб бордир ва уларга шиддатли азоб бордир. (Яъни, мўмин-мусулмонлар Аллоҳга ва унинг динига ижобат қилганларидан кейин, кофир ва мушрикларнинг ҳақ эканлигига ҳар қанча ҳужжат-далил келтирсалар ҳам, Аллоҳнинг наздида уларнинг ҳужжат-далиллари ботилдир.)

Аллоҳ ҳақ ила китобни ва (адолат) тарозуни нозил қилган зотдир. Қаердан билурсан, эҳтимол (қиёмат) соати яқиндир!

У(қиёмат)га иймон келтирмайдиганлар унинг тезлашини истарлар, иймон келтирганлар эса, ундан қўрқувчидирлар, зотан унинг шубҳасиз ҳақ эканини билурлар. Огоҳ бўлинг! Албатта, (қиёмат) соати ҳақида шубҳа қилгувчилар йироқ залолатдадирлар.

Аллоҳ бандаларига лутфлидир. У хоҳлаган кишига ризқ берур. У зот кучлигу азиздир. (Яъни, бандаларнинг ким бўлишидан қатъи назар, уларга шафқат қилади, яхшилик кўрсатади, исёнларига қарамай, уларга хайру баракаларини сероб қилиб қўяди.)

Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас. (Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)