Showing 41-60 of 227 items.

Сеҳргарлар келган чоғларида Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келгувчи бўлсак, бизга, албатта, ҳақ бериладими?» дедилар.

У: «Ҳа! У ҳолда сиз, албатта, энг яқинларимдан бўласиз», деди.

Мусо уларга: «Сиз ташлайдиган нарсангизни ташланг», деди.

Бас, улар арқонлари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавннинг иззати билан қасамки, албатта, биз ғолиблармиз», дедилар.

Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади. (Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида, илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади.)

Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.

Улар: «Роббул Оламийнга иймон келтирдик.

Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», дедилар.

У: «Мен сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингиз! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди тезда биласиз, мен, албатта, қўл-оёғингизни қарама-қарши томонидан кесажакман ва барчангизни осажакман», деди.

Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар.

Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик.

Бас, Фиръавн шаҳарларга тўпловчилар юборди:

«Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар.

Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир.

Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деб.

Бас, Биз уларни боғ-роғлар ва булоқлардан.

Хазиналар ва муҳтарам маскандан чиқардик. (Яъни, Фиръавн ва унинг қавмини боғ-роғларидан ва булоқларидан, хазиналаридан ва ҳашаматли масканларидан чиқардик.

Ана шундай. Ўша(нарса)ларни Бани Исроилга мерос қилиб бердик.

Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар.