Showing 1-20 of 64 items.

(Бу бир) сурадир. Биз уни нозил қилдик. Биз уни фарз қилдик. Биз унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. Шоядки эсласангиз.

Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар. (Никоҳда бўлмай, эр-хотинлик ҳаётини таниб олмаганлар зино қилсалар, ушбу оятнинг ҳукмига биноан юз даррадан урилади.)

Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир. (Зинокор Ислом жамияти жисмидан умуман олиб ташланади. Гувоҳлиги қабул қилинмайдиган бўлади, мўминлар билан никоҳда бўлишдан ман этилади ва ҳоказо.)

Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.

Магар бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустасно). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.

Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир.

Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир).

Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса, Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир.

Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир).

Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!..

Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир. (Ислом душманлари ақлий тортишувларда, жанг майдонларида мусулмонлардан устун кела олишларига кўзлари етмаганидан кейин мусулмонларнинг энг кучли нуқтасини заифлаштириш учун очиқдан-очиқ иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма қилишга ўтдилар. Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида »ифк« дейилади. Мунофиқлар Ойиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Ойиша онамизни зино қилганликда айблай бошладилар. У кишига нисбатан ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳодиса »Ифк ҳодисаси« номи билан машҳурдир.)

У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!

У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар.

Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди.

Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у(ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.

Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмайди. Сен, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!« десангиз бўлмасмиди?!

Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур.

Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.

Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар.

Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳмли бўлмаганида...