Showing 1-20 of 176 items.

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир.

Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлади.

Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир. (Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига–ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин.)

Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин.

Аллоҳ (ҳаётингизни) тургизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўша моллардан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўзлар айтинг.

Етимларни то никоҳ (ёшига) етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур.

Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин–фарз қилинган насибадир.

Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у(мерос)дан ризқлантиринглар ҳамда уларга яхши гаплар айтинглар. («Тақсимлаш»–меросни бўлиш учун ҳақдорлар йиғилган мажлисдир. Демак, мерос тақсимлаш мажлисида ҳақдорлардан бошқа қариндошлар ҳам, шунингдек, етимлар, камбағал-мискинлар ҳам ҳозир бўлишлари мумкин. Xақдорлар меросдан насибаларини олишса-ю, қолганларга ҳеч нарса тегмай қолса, ўксишлари, кўнгиллари синиши эҳтимоли бор. Шундай ноқулай ҳолатни ўртадан кўтариш учун, оятнинг ҳукмига кўра, меросхўрлар бирор нарсани ажратиб, ҳалиги кишиларга бериб, уларни ҳам севинтиришлари лозим.)

Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар. (Отаси ўлиб етим қолган болаларни оталиққа олган одам ўша етим болаларнинг ўрнига ўз болаларини қўйиб тасаввур қилсин. Гўё унинг ўзи вафот этиб, ортида зафиҳол болалари қолганини ўйлаганда қандай қўрқса, қўлидаги етим болаларга ҳам шундай назар билан қарасин, деган маъно чиқади. Бунда етимларни оталиққа олган кишида оталик меҳрини қўзиш билан етимларга бўлган раҳм-шафқатини зиёда қилинмоқда.)

Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўладилар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирадилар.

Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг, оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Ал-Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил ва қизларга ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганда баъзи одамларга ёқмади. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир, у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр қилади», деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.)

Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг–агар уларнинг боласи бўлмаса–ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг–агар болангиз бўлмаса–чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалийм зотдир. (Агар бефарзанд эр ўлиб, ортидан хотини қолса, мероснинг чорагини олади. Аммо ўлган эрнинг ўғилми, қизми, ўзми-ўгайми, яъни, бошқа хотиниданми, кўпми, озми фарзанди бўлса, хотинга мероснинг саккиздан бири тегади. Бу ҳам васиятни ёки олинган қарзни адо этгандан кейин бўладиган тақсим. Меросхўр хотин битта бўлса, мазкур чорак ёки саккиздан бир улушни ўзи олади. Агар иккита, учта ёки тўртта бўлсалар, ўша чорак ёки саккиздан бирда шерик бўладилар. Ояти каримадаги: «Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса», жумласини, хусусан, «калола» сўзини бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анча баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг муродифи йўқ. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳудан одамлар «калола» ҳақида сўрашганида: «У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола–зурриёти ва аждоди йўқ одамдир», дедилар. Яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир. Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам ўз халифалик вақтларида: «Абу Бакрнинг фикрига хилоф қилишдан уяламан», деганлар. Тўрт маҳзаб соҳиблари ҳам, аввал ўтган, кейин келган уламолар ҳам шу фикрга қўшилганлар.)

Ана ўшалар, Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир.

Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир. (Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, у кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда, диндорликда яшаш демакдир. Аллоҳнинг итоатидан чиқиб, бошқага итоат қилиш, унинг дастурини қўйиб, бошқанинг дастурига амал қилиш ширк, куфр ва жаҳаннамдир.)

Аёлларингиздан фоҳиша (зино) қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг. Агар гувоҳлик берсалар, уларни то ўлим етгунча ёки Аллоҳ бир йўл кўрсатгунча уйларида тутиб туринг. (Исломдан аввал бошқа разилатлар қатори фоҳишабозлик ҳам кенг тарқалган эди. Зинокорлик айб эмас, фахр ҳисобланар эди. Ўзларига баҳона топиб, зинога турли йўллар очган эдилар. Аллоҳ таоло жамиятнинг бу дардига ҳам ўзига хос даво қўллади. Аввал-бошда бу борада биз ўрганаётган ушбу оятни туширди. Мусулмонларни бу разилатдан узоқлашишга ва ким бу мазкур фоҳишага қўл урса, унга нисбатан керакли чоралар кўришни амр қилди.)

Сизлардан ўша(Фоҳиша) ишни қилган икки эркакка озор беринглар. Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Бу оятдаги фоҳиша ишдан кўз тутилган нарса бачабозликдир. Бу разилат ҳам кенг тарқалган жиноятлардан бўлган. «Озор беринглар» дегани–сўкиш, айблаш, қўлга тушган нарсалар билан уриш, деганидир ва булар вақтинчалик чора ҳисобланган. Ишончли ҳадис китобларининг соҳиблари Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кимнинг Лут қавми амалини қилаётганини кўрсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар. Аммо ушбу оятда кўрсатилган вақтинчалик чора бўйича озор бергандан сўнг улар: «Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг».)

Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз.

Эй иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларнингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар илаяхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. (Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмоқда. Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хоҳласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, бехуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён қилмоқда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармоқда.)

Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд меҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида оласизми?