Showing 1-20 of 93 items.

То. Сийн. Ушбулар Қуръон-очиқ китоб оятларидир.

Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир.

Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир.

Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга Биз амалларини зийнатлаб кўрсатдик. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверарлар.

Ана ўшаларга ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўргувчилардир. (Бу дунёда охиратдан умиди йўқлиги учун молу дунё, айшу ишрат, шаҳвату лаззат кетидан тушиб, ўзини ўтга-чўққа уриб, расво бўлади. Охиратда эса, қанақа азобларга дучор бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади.)

Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли зот томонидан берилур.

Мусо ўз аҳлига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда мен сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ келтираман», деганини эсла.

У (олов)га келганида: «Олов олдидаги ва атрофидаги шахсларга барака берилди ва Оламларнинг Робби–Аллоҳ покдир», деб нидо қилинди.

«Эй Мусо! Албатта, бу Менман! Азизу ҳаким Аллоҳман!

Ва асоингни ташла!» Бас, қачонки Мусо у(асо)нинг илондек қимирлаётганини кўрганида, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо! Қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда Пайғамбарлар қўрқмаслар!

Лекин ким зулм қилсаю сўнгра ёмонлик кетидан унга яхшиликни бадал қилса, бас, Мен, албатта, мағфиратли ва меҳрибондирман.

Қўлингни ёқангнинг ичига суқ, ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур. Фиръавн ва унинг қавмига қаратилган тўққиз мўъжиза орасида (бу бордир). Албатта, улар бузғунчи қавм бўлдилар».

Бас, қачонки уларга оят-мўъжизаларимиз кўз очгувчи бўлиб келганида, «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.

Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол. (Улар бу мўъжизаларнинг нималигини жуда яхши билганлар. Аммо билиб туриб, зулм юзасидан, иймонни менсимасдан, кибр қилган ҳолларида инкор этдилар. Бу инкорнинг оқибати нима билан тугаши маълум ва машҳурдир.)

Батаҳқиқ, Биз Довуд ва Сулаймонга илм бердик. Икковлари: «Бизни кўпгина мўмин бандаларидан афзал қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар.

Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди. У: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди. (Ушбу оятдаги ворислик, илмга ворисликдир. Ота вафот этгандаги болаларнинг ворислиги эмас. Чунки Довуд алайҳиссаломнинг Сулаймон алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари ҳам кўп эди. Улар молу дунё масаласидаги меросда тенг ҳуқуқли эдилар. Аммо илм маъносидаги меросга фақат Сулаймон алайҳиссалом ворис бўлдилар. Шунинг учун ҳам «Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди» жумласидан кейин Сулаймоннинг алайҳиссалом «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди», деган сўзлари келмоқда. Сулаймон алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан қушларнинг тилини англаш илми берилганлигини барча одамларга эълон қилмоқдалар. Бу эълон фахр ва риёкорлик учун эмас, балки Аллоҳнинг неъматини эслаш маъносидадир.)

Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар.

Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)

Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар.)

Ва қушларни текширди-да: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки ғойиблардан бўлдими?