Showing 1-20 of 128 items.

Аллоҳнинг амри келди. Бас, унинг тезроқ келишини талаб қилмай қўя қолинг. У зот улар келтираётган ширклардан пок ва олий бўлди.

У Ўз амри ила фаришталарни руҳ-ваҳий билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига: «Огоҳлантиринглар. Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга тақво қилинглар», деб нозил қиладир.

У осмонлару ерни ҳақ ила яратди. У улар ширк келтираётган нарсалардан олий бўлди.

У инсонни нутфадан яратди. Энди эса, у(инсон) очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди.

У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам.

Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида чиройли-жамол бор.

Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб борадир. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.

Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир. (Яъни, Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони Карим мазкур: «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади», жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.)

Йўлларнинг мақсаддагиси Аллоҳга оиддир. Улардан эгриси ҳам бордир. Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қилган бўларди. (Бу дунёда ҳиссий йўлларга ўхшаб, маънавий йўллар ҳам кўпдир. Ўша маънавий йўллар ичида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор: Энг тўғри йўл, яъни, мақсадга эриштирадиган, икки дунё саодатига олиб борадиган йўл–Аллоҳ йўлидир.)

У осмондан сувни туширган зотдир. Сизга ундан шароб ва ҳайвон ўтлатадиган дарахт бордир.

У ўша(сув) ила сизга экинларни, зайтунни, ҳурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирадир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.

У сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Бу оятда зикри келган нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидир. Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун икковидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.)

Ва сиз учун ерда турли рангда қилиб яратган нарсаларини ҳам (хизматкор қилди). Албатта, бунда эслайдиган қавмлар учун оят-белги бордир. (Аллоҳ таоло ер ости бойликларини ҳам инсонга улуғ неъмат ўлароқ берди. Ранглари хилма-хил бўлган бу неъматларнинг ҳаммаси инсон учун беминнат хизмат қилади. Ўша неъматларни ер остидан топиб олган баъзи инсонларгина бир-бирларига миннат қиладилар, холос.)

У денгизни сиз ундан тоза гўшт ейишингиз, ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун, унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасан, ҳамда унинг фазлини талаб қилишингиз учун хизматкор қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз. (Аллоҳ таолонинг сувдаги неъматлари ҳам жуда кўпдир. Ушбу оятда улардан баъзилари зикр қилинмоқда.)

У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз.

Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар.

Яратадиган зот яратмайдиган зот каби бўлурми? Ўйлаб кўрмайсизларми?

Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида эса, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо қила билмайди. Агар Аллоҳ ҳамма неъматлари учун тўла-тўкис шукрни талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди.)

Аллоҳ нимани сир тутаётганингизни ва нимани ошкор қилаётганингизни биладир.

Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлари ҳеч нарсани ярата олмаслар. Ҳолбуки, ўзлари яратиладилар.