Showing 1-20 of 88 items.

То. Сийн. Мийм.

Ушбулар очиқ-ойдин китоб оятларидир.

Иймон келтирадиган қавм учун сенга Мусо ва Фиръавннинг хабаридан ҳақ ила тиловат қилиб берамиз.

Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У (ўша ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди. (Ушбу ояти каримадаги: «Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди», дегани Фиръавн бутун ер юзига ҳоким бўлган экан, деган маънони эмас, балки Миср ерида «баланд кетди»–такаббурлик қилди, туғёнга кетди, ҳаддан ошди, каби маъноларни беради. Ўзи ҳоким бўлган ер аҳолисини бўлиб ташлаш ҳар бир фиръавннинг одати.)

Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни ва уларни ворислар қилишни.

Ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.

Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик. (Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ –» эмизавер» ва «дарёга ташла», иккита қайтариш–«қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат–«уни сенга қайтарамиз» ва «Пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.)

Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар.

Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.

Мусонинг онасининг қалби бўшаб қолди. Мўминлардан бўлиши учун қалбини мустаҳкам боғламаганимизда, уни билдириб қўйишига сал қолди.

У(она) у(Мусо)нинг опасига: «Изидан бор», деди. Бас, уни бир четдан кўрди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.

Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик. Бас, (опаси): «Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди.

Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар. (Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. Оятда таъкидланишича, бундан қуйидаги учта мақсад кўзланган эди: 1. Мусо алайҳиссалом ила оналарининг кўзлари қувониши. 2. Онанинг ўғли Мусо алайҳиссалом фироқи ила хафа бўлмаслиги. 3. Мусонинг алайҳиссалом оналари Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билишлари. Чунки аввал Аллоҳ таоло у аёлга, Биз уни сенга қайтаргувчимиз, деб ваъда берган эди. Ана ўша ваъдасини ҳақ ила амалга оширди. Ҳа, Аллоҳ таоло нимани ваъда қилса, уни албатта бажаради. Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар.)

Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз. (Биз «вояга етиб» деб таржима қилган «балаға ашудда» иборасини араблар жисмоний жиҳатдан вояга етиш, «мукаммал бўлганида» деб ўгирган «итаво» сўзини ақлий жиҳатдан камолга етиш, деб тушунадилар. Ҳазрати Ибн Аббос (р.а.): «Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, мукаммал бўлиш ўттиздан қирққача», деган эканлар.)

Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди. (Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми–Бани Исроилдан, иккинчиси душман–Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусодан алайҳиссалом қибтийга қарши ёрдам сўрар эди. «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.)

У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

У: «Эй Роббим, менга берган неъматнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деди.

Бас, у эрталаб шаҳарда қўрққан ҳолида, аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган яна ёрдам сўраб қичқириб қолди. Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деди.

Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди, у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби, мени ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истайсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди.

Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди.