Showing 1-20 of 120 items.

Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир. (Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзи Аввало, инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Буни иймон аҳдномаси дейилади ва у ўз ичига Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган. )

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли. Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовузкор бўлишингизга олиб бормасин. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.

Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, ҳалол. Ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилмоғингиз фосиқликдир. Бугунги кунда куфр келтирганлар динингизга зарар етказишдан умид уздилар. Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. Кимки гуноҳга моил бўлмаган ҳолида очликдан музтар бўлса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда. Аслида, гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас. Гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.)

Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен:«Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», деб айт!

Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетадир ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир. (Ислом мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.)

Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар. (Ушбу оятлар синчиклаб ўқиб-ўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини эканлиги яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок нарсаларнинг ҳалол қилингани, мусулмонларга пок таомлар, покиза аёллар ҳалол қилингани ҳақида сўз борган бўлса, бу оятда бадан поклиги ҳамда, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки намоз қалбни покловчи амалдир. Ҳамма нарса покликка таянади, покликка қаратилгандир. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур.)

Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва сиздан олган аҳдини эсланг. Ўзингиз: «Эшитдик ва итоат қилдик», дегансиз-а?! Ва Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ кўкраклардаги нарсани ҳам билгувчи зотдир. (Инсонга Аллоҳ берган неъматларнинг саноғига етиб бўлмаслигини, бу неъматларнинг шукрини ҳам адо эта олмаслигимизни яхши биламиз. Аммо Аллоҳнинг бизга берган неъматлари ичида энг улуғи иймон–Ислом неъмати эканини тушуниб етмоғимиз лозим. Бу улкан неъматнинг шукри унга амал қилиш билан бўлишини ҳам тушунмоғимиз керак. Оятда келаётган «мийсоқ»–аҳднома эса, Аллоҳнинг амрига итоат қилиш аҳдномаси эди. Бандалар ўзлари иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлганларида, «эшитдик ва итоат қиламиз», деб аҳд беришган эди. Энди аҳкомлар келди. Уни тинглаб, ўргансинлар ва итоат қилсинлар. Тақводор бўлсинлар. Чунки Аллоҳга иймонсиз, итоатсиз ва тақвосиз ҳаётнинг мазмуни бўлмайди.)

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир. (Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. )

Аллоҳ иймон келтириб яхши амалларни қилганларга ваъда қилди: Уларга мағфират ва улкан ажр бўлур.

Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар–ана ўшалар дўзах эгаларидир!

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир қавм сизга қўл узатмоқчи бўлганида, У уларнинг қўлларини сиздан қайтарган эди. Ва Аллоҳга тақво қилинг. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилсинлар. («Мусулмонларга қўл чўзмоқчи бўлган қавм» кимлар эканлиги ҳақида турли ривоятлар бор. Аммо муҳаққиқ уламоларимиз бу қавм Ҳудайбия ҳодисаси пайтида Расулуллоҳни (с.а.в) ва мусулмонларни ғафлатда қолдириб, қириб ташламоқчи бўлган мушриклар гуруҳи эканини таъкидлаганлар. Аллоҳ уларга ёвуз ниятларига эришиш имконини бермади. Улар мусулмонлар қўлига асир тушдилар. Бу, албатта, Аллоҳ томонидан мусулмонларга берилган улкан неъматдир. Кўриниб турибдики, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай ҳолда ҳам бандасига неъмат ато этади. Аммо банда бундай бахтга эришиши учун бу иноятга лойиқ бўлиши лозим. Бу эса, яна тақво билан бўлади.)

Батаҳқиқ, Аллоҳ Бани Исроилдан аҳднома олди. Улардан ўн иккитасини нақиб қилиб юбордик. Ва Аллоҳ: «Албатта, Мен сизлар биланман. Агар намозни қоим қилсангиз, закотни берсангиз, Пайғамбарларимга иймон келтирсангиз, уларни қўлласангиз ва Аллоҳга яхши қарз берсангиз, албатта, сизнинг хатоларингизни кечираман ҳамда сизни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Бас, бундан кейин ҳам сиздан ким куфр келтирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади», деди. (Бани Исроил–яҳудийлардир. Исроил–Яъқуб алайҳиссаломнинг иккинчи исмлари. Маълумки, у кишининг ўн иккита ўғиллари бўлган. Ушбу ўн икки ўғилдан тарқалган зурриётлар Бани Исроилни ташкил этади. Аллоҳ таоло аҳдни ўша ўн икки уруғнинг (асботнинг) ўн икки нақиби–вакилидан олган.)

Аҳдларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирдилар. Ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Уларнинг озгиналаридан бошқаларидан мудом хиёнат кўрасан. Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади. (Бани Исроил яҳудийлигига борди. Ҳатто Аллоҳ таоло билан бўлган аҳдномани ҳам бузди. Уни бажо келтирмади. Намозни қоим қилмади. Намоз деб аталмиш улуғ ибодатни Аллоҳ айтганидек эмас, ўзлари хоҳлаганларидек бузиб адо этадиган бўлишди. Закот бериш у ёқда турсин, ҳамма иқтисодий алоқаларга ҳаром-харишни қўшдилар. Одамларнинг молини ботил йўл билан ейишни жорий қилдилар. Аллоҳнинг барча Пайғамбарларига бирдай иймон келтиришмади, аксинча, уларнинг кўпчилигини ҳақорат қилдилар. Ҳатто Закариё, Яҳё алайҳиссаломларга ўхшашларини ўлдиришгача бориб етдилар. Исо алайҳиссаломни ўлдирдик деб даъво қилдилар. Охирги Пайғамбар Муҳаммадни (с.а.в.) ҳам ўлдиришга ҳаракат қилдилар. Аллоҳга яхши қарз бериш тугул, бандага ҳам яхши қарз бермадилар. Қарз беришда рибохўрликни бутун дунё бўйича йўлга қўйдилар.)

Ва «Биз насоролармиз» деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон кўришни қиёмат кунигача қўзғатдик. Аллоҳ, албатта, уларга қилмишлари ҳақида хабар беради. ( Ийсо алайҳиссаломга биринчи эргашганлар Носиро номли қишлоқ аҳолиси экан. Шунинг учун ҳам уларга «насоролар», деб ном берилган. Бошқа бир талқинларга кўра, Ийсо алайҳиссалом: «Ким менга нусрат (ёрдам) беради?» деганларида, биз, деб чиққан эканлар. Шунинг учун «насоро» номини олганлар. Насороларнинг ўзаро адоватлари ҳаммага маълум ва машҳур. Католик протестант билан, православ моруний билан ёки бошқаси яна бири билан ҳамиша душман. Ҳар бир черков ўзини алоҳида динда деб ҳисоблайди ва бошқасини душман билиб, ёмон кўради. Уларнинг ўзаро олиб борган диний-мазҳабий урушлари оқибатида қонлар дарё бўлиб оққани тарихда машҳур.)

Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпгинасини эса авф қилади. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди. (Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг (с.а.в.) нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни (с.а.в.) насороларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда.)

У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлайди ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқаради. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилади. (Ўша ойдин Китоб–Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди.)

Батаҳқиқ Масиҳ ибн Марям Аллоҳдир, деганлар ҳам кофир бўлдилар. Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кимсаларни ҳалок этишни ирода қилса, ким уни бирон нарсадан манъ қила олади? Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсалар Аллоҳникидир. У нимани хоҳласа, халқ қилади. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт! (Насоролар Аллоҳга берган аҳдларида вафо қилмаган энг бош масала–Аллоҳнинг тавҳидини қўйиб, ширкка бурилишлари эди. Уларнинг залолатга кетишларининг асосий масаласи шу бўлган.)

Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дедилар. Уларга: «Ундай бўлса, нимага У сизларни гуноҳларингиз туфайли азоблайдир? Балки сизлар У яратган башардирсизлар. У кимни хоҳласа, мағфират қиладир. Кимни хоҳласа, азоблайдир. Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсалар Аллоҳникидир. Қайтиб бориш фақат Унинг Ўзигадир», деб айт.

Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизларга Пайғамбарлардан бўш даврда (динни) баён қилади. Бизга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келмаган, демаслигингиз учун. Бас, батаҳқиқ, сизларга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келди. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Биз «бўш давр» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «фатратин» дейилган. Бу сўз луғатда, сукунат, бўшлик, кесилиш ва заифлик маъноларини англатади. Шариатда бир Пайғамбар билан иккинчисининг орасидаги Пайғамбарсиз ўтган вақтга «фатиратун»–бўш давр дейилади. Маълумки, Ийсо алайҳиссаломнинг Пайғамбарликларидан сўнг Муҳаммад (с.а.в.) келгунларига қадар орадан олти юз йил ўтган.)

Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг. Ахир, У сиздан Пайғамбарлар юборди, подшоҳлар чиқарди ва оламларда бирортага бермаган нарсаларни берди-ку.