Showing 1-20 of 110 items.

Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган; яхши амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлиши башоратини берадиган қилган Зотга.

(Улар) у(ажр)да абадий қолгувчидирлар.

Ва, Аллоҳ Ўзига бола тутди, деганларни огоҳлантириш учун.

На уларнинг ва на ота-боболарининг бу ҳақда илми йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир. Улар ёлғондан бошқани айтмаслар. ( Ҳолбуки ўзлари тўқийдиларми ёки ота-боболарига суяниб гапирадиларми–барибир уларнинг бу даъволарида заррача илмийлик йўқ. Бу даъво жоҳилона айтилган қуруқ гап, холос. Аллоҳ ҳақида билмай туриб гапириш жуда оғир. Айниқса, илмсизларча, жоҳиллик билан, Аллоҳ Ўзига бола тутди, дейиш яна ҳам оғир.)

Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан?! (Яъни, мушриклар Қуръонга иймон келтирмасалар, уларга афсусланиб, ўзингни ўзинг қийнарсан? Йўқ, бундай қилма. Улар бунга арзимайдилар.)

Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз.

Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз.

Каҳф ва битик эгаларини Бизнинг ажойиб оят-белгиларимиздан деб ўйладингми?! (Яъни, эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?)

Қачонки йигитлар каҳфдан жой олганларида: «Эй Роббимиз, бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни ўзинг тўғрилагин», дедилар. (Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ жой топибдилар. Яъни, бировдан қочиб келиб яширинибдилар. Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Уларга бу борада ҳам Аллоҳдан ёрдам керак.)

Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик. («Қулоққа парда урди» дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни, ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.)

Сўнгра икки гуруҳдан қайси бири уларнинг турган муддатини ҳисобловчироқ эканини билиш учун уларни уйғотдик.

Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берурмиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик.

Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик. Қачонки турдилар ва: «Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмаймиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.

Ана у қавмимиз Ундан ўзга худолар тутдилар. Уларга равшан ҳужжатлар келтира олармиканлар?! Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор.

Модомики улардан ва улар Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётган нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз. Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», дедилар. (Роббиларига иймон келтирган, Роббилари ҳидоятларини зиёда қилиб, қалбларини мустаҳкамлаган йигитлар кофирлар билан баҳслашиш бефойдалиги, улар ёмонлигидан фақат қочибгина қутулиш мумкинлигини англаб етгач, иймонлари муҳофазаси учун каҳф-ғорга кириб бекинишни ўзаро маслаҳат қилдилар.)

Қуёш чиққанида уларнинг каҳфининг ўнг томонидан мойил бўлганини, ботганда эса, чап томонидан қийиб ўтганини кўрасан. Улар эса у(ғор)нинг кенг жойидадирлар. Ана шу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан. (Араб тили билимдонлари, бу тасвир ёлғиз Аллоҳга хос, дейдилар. Ғорда бир гуруҳ йигитлар бир неча йилдан бери ухлаб ётишибди. Ҳар куни қуёш чиқади, уларга тегмайди. Сўнгра оғиб ботишга мойил бўлади, яна ғор аҳлига тегмайди.)

Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ҳолбуки, ухлаб ётурлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турурмиз. Итлари эса, остонада олд оёқларини чўзиб ётур. Гар уларни кўрсайдинг, ортга ўгирилиб қочар ва улардан қўрқинчга тўлар эдинг. (Ўзлари уйғоққа ўхшайдилар, аммо ухлаб ётибдилар. У ёқ-бу ёққа қимирлайдилар, аммо уйғониб ўринларидан турмайдилар. Бунинг устига, итлари остонада олд оёқларини чўзиб ётибди.)

Ва шундай қилиб, уларни ўзаро сўрашлари учун уйғотдик. Улардан бири: «Қанча қолдинглар?» деди. Улар: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича қолдик», дейишди. «Қанча қолганингизни Роббингиз яхши билгувчидир, шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин ва диққатли бўлсин, сизни бировга сездириб қўймасин.

Чунки агар улар сизни қўлга олсалар, тошбўрон қиладилар ёки ўз миллатларига қайтарурлар. Ундай бўлса, зинҳор ва абадий нажот топмассиз, дейишди. (Демак, йигитлар қаттиқ таҳдидга учраб, шаҳар аҳолиси уларга, динимизга қайтасизлар ёки сизларни тошбўрон қилиб ўлдирамиз, деганларидан кейингина қочиб ғорга бекинишган экан. Ғорга кириб, ухлаб турганларидан кейин ҳам ўша таҳдидни эсламоқдалар ва пул олиб шаҳарга таом учун борувчини эҳтиёт бўлишга, сездириб қўймасликка чорламоқдалар. Улар ўлимни эмас, шаҳар аҳолисининг жоҳиллигини, ўз миллатлари-динларига қайтишга мажбурлашини ўйлашди. Ҳақиқий мўмин ҳар доим, ҳар жойда иймон ташвишида бўлади.)