Showing 1-20 of 37 items.

Ҳа-а. Мийм.

Бу китобнинг нозил қилиниши азиз ва ўта ҳикматли Аллоҳдандир.

Албатта, осмонлару ерда мўминлар учун оят-белгилар бордир. (Дарҳақиқат, осмонлару ердаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг биру борлигига, чексиз қудратига ёрқин далилдир.)

Ва сизларнинг яратилишингизда ва таратиб қўйган жониворларда аниқ ишонадиган қавм учун оят-белгилар бор. (Инсоннинг яратилишида Аллоҳ таолонинг биру борлигига, куч-қудратига, тадбиру санъатига сонсиз-саноқсиз оят-белгилар бор.)

Кечаю кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ нозил қилиб, унинг ила ерни ўлимидан кейин тирилтиришида ва шамолларни не йўналишида ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бор.

Булар Аллоҳнинг оятларидир. Биз уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Улар Аллоҳни ва Унинг оятларини қўйиб, қайси гапга иймон келтирурлар?!

Ҳар бир ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлсин!

У ўзига тиловат қилинган Аллоҳнинг оятларини эшитади-ю, сўнгра худди эшитмагандек мутакаббирлик қилиб туриб олади. Бас, унга аламли азоб хушхабарини бер.

Қачонки Бизнинг оятларимиздан бирор нарса билса, уни истеҳзо қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.

Ва ортларида жаҳаннам бор. Уларга касб қилган нарсалари ҳам, Аллоҳни қўйиб тутган «дўстлари» ҳам ҳеч бир нарсада асқотмас. Уларга улкан азоб бордир.

Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Роббилари оятларига куфр келтирганларга аламли азобнинг ашаддийси бордир.

Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз.

Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир.

Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун мукофотласин. (Эй Муҳаммад, сен мўминларга айт, улар ўзларига озор берган, келажакдаги Аллоҳнинг ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечирсинлар. Бу эса, Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши касбларига кўра мукофотлаши учундир.)

Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз.

Батаҳқиқ, биз Бани Исроилга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни бердик, уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик ва уларни оламлар ичида афзал қилдик. (Ўз замонасида, албатта, Бани Исроил ўзгалардан афзал бўлган. Чунки Таврот уларга туширилган, Пайғамбарлар улардан чиққан.)

Ва Биз уларга (дин) иши ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар бердик. Бас, улар ўзларига илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилибгина ихтилофга тушдилар. Албатта, Роббинг улар орасида қиёмат куни ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур.

Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма. (Бани Исроилнинг иши, юқорида айтилгандек, муваффақиятсиз тамом бўлганидан сўнг биз сени Ислом шариатига йўлладик.)

Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар. Ва, албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.

Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.