Showing 1-20 of 111 items.

Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир.

Ва Биз Мусога китобни бердик ва у(китоб)ни Бани Исроилга ҳидоят қилиб: «Мендан ўзгани вакил тутманглар!» дедик.

(Эй) Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди. (Нуҳ (а.с.) ўта шукрли банда эди. Унга иймон келтирганлар ҳам ўта шукрли бандалар эдилар. Сизлар ҳам шукрли бўлинглар.)

Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик.

Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юбораурмиз. Бас, улар ҳовли-жойларни оралаб кезарлар. Бу қилиниши лозим ваъда эди. (Турли имконларга эга бўлиб, муқаддас ерда юксаладилар. Сўнгра бузғунчиликга ўтадилар. Сизга қилмишингизнинг жазосини куч-қувватга эга бандаларимиз беради, сизларни топиб, азоблаб ўлдирадилар. Улардан қочиб қутула олмайсиз.)

Сўнгра сизга улар устидан ғалабани қайтардик ва сизга молу дунё ва фарзандлар ила мадад бердик. Ва сизларнинг нафарингизни кўп қилиб қўйдик.

Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги (бузғунчиликнинг) ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборамиз). (Сиз ўзингизнинг қилмишингиз ила ўша ваъданинг юзага чиқишига сабаб бўлганингизда... У бандаларимиз шиддатли куч-қувват эгалари бўладилар. Улар масжидга–Байтул Мақдисга аввал қандай кирган бўлсалар, шундай кирадилар ва ўзлари эгаллаган нарсаларни тамоман парчалаб йўқ қилиб ташлайдилар.)

Шояд Роббингиз сизга раҳм қилса. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Ва жаҳаннамни кофирларга зиндон қилганмиз.

Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.

Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик.

Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир. (Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди.)

Кеча ва кундузни икки оят-аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Кундуз аломатини кўрсатувчи қилдикки, токи Роббингиздан фазл талаб қилсангиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билсангиз. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.

Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур.

Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур). (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.)

Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.

Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз. (Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.)

Нуҳдан сўнг қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур.

Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур. (Бундай киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди.)

Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир. (Яъни, одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади.)

Барчага–манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас. (Барча бандаларга, яъни, охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Робингнинг атою неъматларидан берамиз.)