Showing 1-20 of 200 items.

Алиф Лом Мим. (Ҳижо ҳарфлари ҳақида Бақара сурасида батафсил тўхтаб ўтилган.)

Аллоҳ–Ундан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ, тирик ва қаййум зотдир. (Ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У қаййум–бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир.)

У сенга китобни ҳақ ила ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб туширди ҳамда Таврот ва Инжилни туширди.

Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи зотдир. (Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган китобни ҳам Аллоҳнинг Ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас,Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми. )

Албатта, Аллоҳ Унга ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайдиган зотдир.

У сизларни бачадонларда хоҳлаган сувратга соладиган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.

У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. («Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муштабоҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)

Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.

Эй Роббимиз, албатта, сен одамларни келишига шубҳа йўқ кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.

Албатта, куфр келтирганларнинг моллари ҳам, болалари ҳам улардан Аллоҳ(азоби)дан бирор нарса қайтара олмас. Ана ўшалар, ўзлари дўзахнинг ёқилғисидирлар.

Фиръавн аҳлининг ва улардан олдингиларнинг ҳолига ўхшаб оятларимизни ёлғонга чиқардилар. Бас, гуноҳлари туфайли Аллоҳ уларни тутди. Ва Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.

Куфр келтирганларга: «Тезда мағлуб бўлурсизлар ва жаҳаннамга йиғилурсизлар, у қандоқ ҳам ёмон жой», деб айт. (Куфрнинг оқибати икки дунёнинг мағлубиятидир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда тезда мағлуб бўлишларининг, охиратда ҳам жаҳаннамга тўпланишларининг хабарини бермоқда.)

«Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришади. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир», деб айт. (Маълумки, Бадр урушида мушрикларнинг сони мусулмонларнинг ададидан уч баробар кўп эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг нусрати билан мусулмонлар ғолиб келдилар.)

Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор. («Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.)

«Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?!–деб айт. Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир». (Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)

Улар: «Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва дўзах азобидан сақлагин», дейдиганлардир.

Сабр қилувчилар, содиқлар, доимий тоат қилувчилар, нафақа қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир.

Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.

Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тезда қилувчидир. (Аллоҳнинг ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. Яҳудий, насроний, буддий ёки яна бошқа ҳар хил динлар Аллоҳнинг ҳузурида эътиборини йўқотган динлардир. Уларга эътиқод ва амал қилганлар бехуда юрибдилар ҳисоб. Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин, ақида ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом ақидасидир. Аҳли китобнинг келишмовчилиги илмсизликдан, жоҳилликдан эмас. Уларга Аллоҳ томонидан илм келган эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга сазоворликда ҳам ягоналигини, бандаларнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини яхши билар эдилар. Билиб туриб, ихтилоф қилдилар.)

Агар сен билан тортишсалар, сен: «Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!» деб айт. Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир. (Юз инсоннинг энг олий аъзоси ҳисобланади. Юзни Аллоҳга таслим қилиш эса, ўша юзнинг эгаси бутун вужудини Аллоҳга топширганини билдиради. Пайғамбар алайҳиссаломки ўзларига ушбу йўлни танлабдилар, у кишига эргашган умматлари ҳам албатта шу йўлни танлайдилар. Бундан бошқа гап бўлиши мумкин эмас.)