Showing 1-20 of 286 items.

Алиф Лом Мим. (Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар"Ҳурифул муқатаот" кесик ҳарфлар десалар, бошқалар"Ҳурифул ҳижои" алифбо ҳарифлари дейдилар, учинчилари эса,"Фавотуҳус суар" сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари:"Бу Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир", дейдилар. Бошқа бирлари эса, уларга ўзларича маъно йўйганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби-улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир.)

Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. (Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг бир сифати"тақводорларга ҳидоятдир". Ҳидоят-мақсадга эриштиргувчи лутф билан йўл кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.)

Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. (Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси-"ғайбга иймон келтирурлар". Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида:"Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир", деган эканлар. Иккинчиси-"намоз ўқирлар". Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси-"Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар". Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади."Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор."Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.);

Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирурлар ва охиратга аниқ ишонурлар. (Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат-Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.)

Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятидадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир. (Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.)

Албатта, куфр келтирганларга қўрқитасанми-қўрқитмайсанми-барибир, иймон келтирмайдилар.

Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир.

Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.

Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдайдилар.

Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор.

Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дейдилар.

Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар.

Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса,"Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?" дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар.

Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар.

Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради.

Ана ўшалар, ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:"Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади", деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:"Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади", дейилган.)

Улар мисоли ёққан ўти энди атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган кишиларга ўхшайдилар. Улар кўрмайдилар. (Ҳақиқатда ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, иймон келтирдик, дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса, ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.)

Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар.

Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғу босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, панжаларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни ўраб олувчидир.

Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёриган пайтда юришади, қоронғи бўлса, тўхташади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кеткизади. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)