Showing 1-20 of 206 items.

Алиф. Лаам. Миим. Соод.

Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.

Сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага эргашинглар! Ундан бошқа валий-дўстларга эргашманглар. Жуда оз эслайсизлар.

Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик. Бас, азобимиз уларга тун уйқусида ёки кун уйқусида келди. (Аллоҳ таоло исён қилган кўплаб қавмларни ҳалокатга учратган, уларга Аллоҳнинг азоби кечаси ёки кундузи ухлаб ётган вақтларида, ғафлатнинг чўққисига чиққанларида келган.)

Бас, Бизнинг азобимиз келган чоғида уларнинг даъволари: «Албатта, биз золимлардан бўлган эдик», дейишларидан бошқа нарса бўлмади.

Бас, Биз, албатта, Пайғамбар юборилганлардан ҳам ва, албатта, Пайғамбарлардан ҳам сўрармиз. (Яъни, охиратда Пайғамбар келган ҳар бир қавмдан, шахсдан: «Сизларга Пайғамбар келдими? Бизнинг амрларимизни етказдими? Сизлар нима дедингиз?» деб сўралади. Шунингдек, Пайғамбарлардан ҳам: «Амримизни умматларингизга етказдингизми? Улар сизга қандай жавоб бердилар?» деб сўралади.)

Бас, уларга илмий равишда қисса қилиб берурмиз. Ҳолбуки, Биз ғойиб бўлмаган эдик.

Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир.

Ва кимнинг тортилган (амаллари) енгил келса, бас, ана ўшалар Бизнинг оятларимизга зулм қилиб, ўзларига зиён этганлардир.

Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этарсизлар.

Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса, фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади.

У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. (Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига: «Мен ундан (яъни, Одамдан) яхшиман, мени ўт (олов)дан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. Яъни, Аллоҳнинг очиқ-ойдин фармони туриб, ўзининг фикрини ишлатди. Аллоҳнинг амри турганда, қачон фикрбозликлар бошланса, Иблиснинг иши қилинган бўлади. Бунинг оқибати Иблиснинг оқибатига ўхшаш бўлади. Иблиснинг оқибати эса, қуйидаги оятда баён қилинади:)

У зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди.

У:«Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди.

У зот:«Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди.

У:«Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман».

Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмссан», деди.

У зот:«Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди. (Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, улар сажда қилгани, аммо ёлғиз Иблис алайҳи лаъна сажда қилмаганини зикр қилгандан сўнг, Иблис билан бу борада бўлган муколама келтирилди. Бинобарин, Иблисни жаннатдан қувиб юборди.)

Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Икковингиз хоҳлаган жойингиздан енг. Аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар. Унинг сабабидан золимлардан бўлиб қолманглар.

Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.