Showing 1-20 of 75 items.

Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар.Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.

Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.

Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.

Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.

Албатта, бу ҳолат, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмаган бўлсалар ҳам, Роббинг сени ҳақ ила уйингдан чиқарганга ўхшайди. (Яъни, уйингдан Бадрга уруш қилиш учун чиқарганга ўхшайди. Ушбу икки иш - ўлжани бўлиш ва ғазотга чиқишнинг бир-бирига ўхшашликлари бор. Ўлжа тақсимоти бир гуруҳ мўминларга ёқмаганидек урушга чиқиш ҳам баъзи бир мўминларга ёқмаган эди.)

Худди ўзлари кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдалаётгандек, ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам сен билан баҳслашарлар. (Ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам, яъни, уруш бўлиши аён бўлиб қолгандан кейин ҳам. Чунки Абу Суфён карвонни бошқа томонга буриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетганининг ва қурайшликлар аскар тортиб келаётганининг аниқ хабари етган эди. Шундай бўлса ҳам, баъзилар биз карвонни қасд қилиб чиққан эдик, урушга тайёр эмасмиз, деб сен билан баҳс қилдилар. Агар урушга борсак, албатта, ўламиз, деб ўйладилар.)

Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта, сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингиз. Аллоҳ эса, Ўз калималари ила ҳақни ҳақ қилишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди. (Яъни, Бадр томон юрган вақтингизда, икки тоифадан бири–ёки Абу Суфённинг карвони ёки Қурайш лашкарлари сизники бўлишини Аллоҳ ваъда қилган эди.)

Жиноятчилар ёқтирмасалар ҳам, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун шундай бўлишини ирода қилган эди.

Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сўровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», деди.(Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мадад учун фаришталарни юборганлиги ҳақида мавзуларда энг ишончли манба Қуръони Карим ва ҳадиси шариф бўлади. Икрима ва Ибн Аббос (р.а.)лардан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар (с.а.в.) Бадр куни:-Мана бу Жиброил отининг бошидан тутиб устида уруш анжомлари билан келмоқда, дедилар.)

Аллоҳ у(мадад)ни башорат ва қалбларингиз у билан хотиржам бўлиши учунгина қилди. Ғалаба эса, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.

Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди. (Мусулмонларга ажойиб бир руҳий ҳолат пайдо бўлди ўшанда. Ҳозиргина қўрқиб, хавсираб турган одамлар бир мудроқдан кейин қалблари тўла сокинлик, ўзлари ҳотиржам, душмандан заррача қўрқмайдиган ҳолга келдилар. Мудроқ босиш ҳолати Пайғамбаримизда (с.а.в.) қандай кечгани Имоми Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бундай ривоят қилинган: «Бадр уруши куни Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) билан капада дуо қилиб турганларида Расулуллоҳни (с.а.в.) мудроқ босди. У киши кулиб уйғондилар. «Суюнавер, эй Абу Бакр, Жаброил отда икки томонидан чанг чиқариб келмоқда», дедилар. Сўнгра кападан «Тезда бу жамоат енгилади ва орқага қараб қочурлар», деган оятни ўқиб чиқдилар». Сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.)

Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг, тезда куфр келтирганларнинг қалбларига қўрқинч соламан. Бас, бўйинлар устидан зарба беринглар ва ҳамма бармоқларига зарба беринглар», деб ваҳий қилган эди.

Бу уларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турганлари учундир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турса, бас, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.

Мана шу сизники, тортаверинглар! Албатта, кофирларга дўзах азоби бордир.

Эй иймон келтирганлар, куфр келтирганларга яқинлашиб, юзма-юз келганингизда уларга орқа ўгирмангиз.

Кимки ўша кунда жанг ҳунари кўрсатиб ёки бошқа гуруҳга қўшилмоқчи бўлган ҳолатдан ташқари уларга орқа ўгириб қочса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳдан бўлган ғазаб ила қайтибди. Унинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой.

Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайитингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Бадр урушида Пайғамбаримиз (с.а.в.) сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ (с.а.в.) қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...» деб дуо қилдилар. Жаброил келиб у кишига: «Бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг юзига қараб от!» деди. Бир сиқим тупроқ олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига тупроқ кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин ортларига қараб қоча бошладилар».)

Ана ўшалар (нинг сизга бўлиши) Аллоҳ, албатта, кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи бўлганидандир.

Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, батаҳқиқ сизга орани очиш келди. Агар тўхтасангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Сизнинг гуруҳингиз қанча кўп бўлса ҳам, сизга ҳеч бир ҳожатингизни чиқара олмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз ва эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз.