Showing 1-20 of 165 items.

Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар.

У сизларни лойдан яратган, сўнгра ажални белгилаб қўйган зотдир. Белгиланган ажал эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак келтирасиз.

У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир. Қилган касбу корингизни ҳам биладир.

Мудом уларга ўз Роббилари оятларидан бир оят келса, ундан юз ўгирувчи бўлдилар.

Уларга ҳақ келганда уни ҳам ёлғонга чиқардилар. Тезда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келадир. (Юқоридаги оятларда сифатлари зикр қилинган мушриклар Аллоҳ таолодан уларга ҳақиқат, яъни, ҳақ дин, ҳақ китоб, ҳақ Пайғамбар ва ҳақ шариат келганида, бурунги саркашликларини ишга солиб, уни ҳам ёлғонга чиқардилар.)

Улардан олдин қанча асрларни ҳалок қилганимизни билмасларми? Ўшаларга ер юзида сизларга бермаган имконларни берган эдик. Осмондан устларига барака ёмғири юборган ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган қилиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик. («Аср» сўзи юз йиллик муддатни англатишини биламиз. Бу ерда ўша муддат орасида яшаган одамлар кўзда тутилмоқда. Инсон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолиб, ўтмишга ибрат ила назар солишни унутиб қўяди.)

Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар. (Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар, Қуръони Каримнинг оғзаки шаклда нозил бўлиб турганинг ўзи ҳам етар эди. Ҳақиқатни истаганлариданми? Йўқ, уларда бундай мақсад йўқ.)

Улар: «Агар унга фаришта туширилса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш битди ҳисоб. Сўнгра уларга қараб турилмас.

Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари мушкуллаштирган нарсани уларга яна ҳам мушкуллаштирар эдик. (Кофир-мушриклар одам-Пайғамбарга ишонмай, уни тасдиқловчи фаришта ҳам тушишини даъво қилиб, ишни мушкуллаштирдилар. Шу билан бирга, улар фаришталар ҳақидаги тасаввурни ҳам, фаришталар–аёл, улар Аллоҳнинг қизларидир, деган ақида билан мушкуллаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг Пайғамбарликни тасдиқ этиш учун фаришта тушириш иддиолари қондирилса, улар учун мушкулот яна ҳам оғирлашган бўлар эди. Яъни, улар эътиқод қилганларидек, осмондан Пайғамбарни тасдиқлаш учун юборилган фаришта аёл сувратида бўлмас эди. Буни кўрган мушриклар фаришта бўлса, аёл бўлиши керак эди, бу ҳам бошқа бир нарса шекилли, деб турли хом хаёллар билан чалғир эдилар.)

Сендан олдинги Пайғамбарлар ҳам истеҳзо қилинганлар. Уларни масхара қилганларни қилган истеҳзолари ўз домига тортган.

Сен:«Ер юзида сайр қилингиз, сўнгра (Пайғамбарларни) ёлғончи қилувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солингиз», деб айт.

Сен:«Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» деб айт! «Аллоҳники», деб айт! У Ўзига Ўзи раҳматни ёзиб қўйган. Сизларни бўлишида шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ўзига ўзи зиён келтирувчиларгина, ўшаларгина иймон келтирмаслар.

Кечада ва кундузда сокин бўлганлар Уникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.

Сен:«Аллоҳдан ўзгани валий-дўст қилиб оламанми? У осмонлару ерни яратгувчидир. У таом беради ва таомланмайди», деб айт. Сен:«Мен аввалги таслим бўлувчи бўлмоққа амр қилиндим ва менга ҳеч мушриклардан бўлмагин, деб айтилди», деб айт.

Сен:«Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», деб айт.

Ким ўша куни ундан четланса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳ унга раҳм қилибди. Ана ўша аниқ ютуқдир.

Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, унинг ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ. Агар у сени яхшиликка оладиган бўлса, бас, у ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу дунёда хоҳласа зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.)

У бандалари устидан ғолибдур. У ҳикмат эгаси ва ҳар бир нарсадан хабардордир.

Сен:«Қайси нарса энг катта гувоҳликдир», деб айт. «Аллоҳ», деб айт. У мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръонни, унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди. Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа худолар бор», деб гувоҳлик берасизларми? «Мен гувоҳлик бермайман», деб айт. «Албатта, У битта илоҳдир ва мен сиз келтираётган ширкдан покдирман», деб айт. (Аллоҳни қўйиб ўзларига ўзга валий тутганларга бошқа нарсалар ҳам гувоҳлик бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбаримизга (с.а.в.) гувоҳ ҳақида савол беришни амр қилди. Демак, баҳсли масалага Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳакам бўлди. Унинг Ўзи гувоҳ бўладиган бўлди. Унинг шаҳодати Қуръони Каримдир. Мазкур баҳсли масала ҳам унда бор. Демак, кимга ушбу Қуръон етиб борган бўлса, унга гувоҳ муқаррар келган ҳисобланади. Ушбу гувоҳга–Қуръонга амал қилмаса, унинг огоҳлантиришидан ҳушёр тортмаса, азобга дучор бўлади.)

Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Улар ўзларига зиён қилганлардир, ана ўшалар иймон келтирмаслар.