Showing 1-20 of 35 items.

Ҳа мийм.

Китобнинг туширилиши Ғолиб ва ҳикматли Аллоҳ тарафидандир.

Осмонлару ерни ҳамда улар ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва белгиланган муддат ила яратдик. Кофирлар бўлса, ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгурувчилардир. (Қуръонни ҳикмат ила нозил қилган ғолиб ва қудратли Аллоҳ осмонлару ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ҳам ҳақ ила, ҳикмат ила яратган.)

Сен:« Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми? Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бундан (Қуръондан) олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг.»- деб айт.

Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар.

Одамлар маҳшарга тўпланганда, (бутлар) уларга душман бўлурлар ва ибодатларига ҳам мункир бўлурлар. (Бизга ибодат қилганингиз йўқ, деб инкор қиладилар. Ҳатто шайтон ўзига эргашганлардан тонар экан.)

Қачонки уларга равшан оятларимиз тиловот қилинса, куфр келтирганлар Ҳақ (Қуръон) уларга келгандаёқ, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дерлар.

Балки у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар. Сен:«Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз. У зотнинг Ўзи ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. Ва У кечирувчи ҳам раҳмли зотдир», деб айт.

Сен:»Мен биринчи Пайғамбар эмасман, менга ва сизларга нима қилинишини билмайсман. Фақат, ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашурман. Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», деб айт.

Сен:«Айтинг-чи, агар у(Қуръон) Аллоҳдан бўлса-ю, сиз унга куфр келтирсангиз ва ҳолбуки, Бани Исроилдан бир гувоҳ у(Қуръон)га ўхшаш нарсага гувоҳлик бериб, иймон келтириб турибди, сиз эса, кибру ҳаво қиляпсиз. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди», деб айт. (Қуръони каримда бузуқ ақидаларни тузатиш, тўғри йўлга бошлаш учун турли услублар қўлланган. бу оятда мушрикларнинг ақидасига шубҳа солиш йўли билан, уларнинг хатода эканликлари баён қилинмоқда.)

Куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Агар у(Қуръон) яхшилик бўлганида, унга биздан аввал бормасдилар», дерлар. У(Қуръон)дан ҳидоят топишмагач, бу-қадимги уйдирмадир», дерлар. (Кибру ҳавога учган араб бойваччаларининг назарида камбағалларнинг Исломга кириши, Қуръонга ишониши камчилик, айб бўлиб кўринган.Улар ўзларича,»ялангаёқлар юрган йўл яхши бўлармиди?»демоқчилар. Лекин, айни чоқда, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳадича онамизга ўхшаш бой, задогонлар ҳам биринчилардан бўлиб Исломга киришганини эътиборга олишмайди. Ислом бойни ҳам, камбағални ҳам, кучлини ҳам, заифни ҳам бир оила аъзоси қилиш учун Аллоҳ тамонидан юборилган дин.)

У(Қуръон)дан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди. Бу эса, араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантириш учун ва яхшиларга башорат китобидир. (Қуръон ўзидан аввалги китобларда, жумладан, Тавротда келган ақида аслини, илоҳий йўлни, дину диёнатни тасдиқлайди.)

Албатта «Роббимиз Аллоҳдир» деган, сўнгра бунда мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

Ана ўшалар жаннат эгаларидир, унда қилган амаллари мукофотига абадий қолурлар.

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди. (Аллоҳ таоло инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрмоқда. Бу инсонийлик бурчидир, бошқа ҳеч қандай асос йўқ. Инсон фақат инсонлиги учун ота-онасини ҳурмат қилиши, эъзозлаши зарур. Лекин шу билан бирга, оятнинг ўзида ота-онага яхшилик қилишнинг боисларидан баъзиси айтиб ўтилмоқда.)

Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир. (Аввалги оятдаги мақтовли сифатларга эга бўлган мўминларнинг қилган яхши амалларини қабул қиламиз, дейди Аллоҳ таоло. Албатта, амални қабул қилгандан сўнг унинг мукофати ва савобини ҳам кўпайтириб беради.)

Ота-онасига: «Уфф сизларга, (қабрдан) чиқарилишимнинг ваъдасини бераяпсизларми?! Мендан аввал ҳам асрлар ўтган-ку!» деган кишига, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда улар: «Ҳолингга вой бўлгур, иймон келтир, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дедилар. У бўлса «Бу ўтганларнинг афсоналари, холос», дер.

Ана ўшаларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инс умматлари қаторида (азоб) сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта, улар зиён кўрувчилардан бўлдилар.

Ҳар бирларига қилган амалларига яраша даражалар бордир. Ва уларга амалларининг (мукофат ёки жазоси) тўлиқ берилур ва уларга зулм қилинмас. (Ушбу оятда ҳар бир инсонга бу дунёда қилган амлига яраша у дунёда даража берилиши таъкидланмоқда. Қиёматда яхшиларни тўплаб жаннатга, ёмонларни дўзахга киритиб юбориш билан кифояланмаслиги маълум бўлмоқда. Балки ҳар бир инсон бу дунёда қилган амалига қараб алоҳида даражага эга бўлади. Заррача яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ҳисоб-китобдан четда қолмайди. Кўп яхшилик қилганларнинг даражалари жаннатда олий бўлади. Шунинг учун яхшиликни иложи борича кўпроқ қилишга уриниш керак.)

Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланасиз», дейилур.